Эркаклар орасида ўз жонига қасд қилиш тўрт баравар кўпроқ

Дунё бўйича ҳар йили бир неча юз минглаб одамлар суицид (ўз жонига қасд қилиш) ҳаракатларини содир этиши ҳисоблаб чиқилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, кейинги минг йиллик давомида суицид туфайли оламдан кўз юмганлар сони уруш, жанговар ҳаракатлар ва зўравонлик йўли билан одам ўлдириш қурбонларининг умумий сонидан ҳам ошиб кетган.

Тангри таоло фақат бир маротаба бизга инъом этган ҳаётимизнинг баҳоси қанча ўзи? Наҳот умрни гўзал яшаб ўтиш ўрнига унга шунчалар адолатсиз муносабатда бўлсак. Суҳбатдошим – психолог олим, профессор Фазлиддин Ҳайдаров ўз жонига қасд қилишга олиб келувчи руҳий ҳолатни мутахассис сифатида қуйидагича шарҳлайди:

- Ўз жонига қасд қилиш кўпчилик ўйлаганидек фақат психик бузилишлари бор одамлар томонидан содир этилмайди. Кузатишлар натижасига кўра, суицидни амалга оширадиганларнинг 15 фоизи руҳан соғлом кишилардир. 20-25 фоиз ҳолларда суицидлар алкоголь ёки наркотик моддалар қабул қилиш таъсиридаги мастлик ҳолатида рўй беради. Ўсмирлар томонидан содир этилган ўз жонига қасд қилиш ҳаракатларига кўпинча оиладаги ва тенгдошлари билан муносабатлардаги чалкашликлар, кутилмаган молиявий танглик, иш ёки ўқишдаги муаммолар, топталган номус, ижтимоий изоляция (одамлардан ажралиб қолиш) ёки бедаво касалликлар сабабчи бўлади.

Таъкидлаш жоиз, ёшлар ва ўсмирлар катталарга қараганда суицидга кўпроқ қўл уради. Эркаклар орасида ўз жонига қасд қилувчилар аёлларга қараганда 4 баробар ортиқроқ.

Суициднинг яна бир кўриниши борки, у ҳам бўлса дарҳол ўлимга олиб келмайдиган, лекин ҳаёт учун хавфли ёки умрни қисқартирадиган хатти-ҳаракатлар содир этилади. Масалан, доимий тарзда ичкиликбозлик, кашандалик, гиёҳвандлик, жиддий касалликларда тиббий ёрдамдан воз кечиш, йўл ҳаракати қоидалари ва хавфсизлик техникасига амал қилмаслик, турли хавф-хатарга беписандлик оқибатида кишилар ўзларига зарар етказиб, оламдан барвақт кўз юмади.

- Яқинда водийлик бир аёлнинг ўзини каналга ташлаш олдидан қўл телефонига ёзиб қолдирган овозли хабари интернетда тарқалиб кетди. ”Мен шу ишни қилишга мажбурман. Ўйинда ўн беш миллион сўм ютқазиб қўйдим. Бунча пулни топиб беролмайман”, дебди у. Яна бир онанинг ўзи билан бирга болаларининг ҳам жонига қасд қилишидан аввал буни видеотасвирга олиб узоқдаги кишисига узатиши... Бу сингари ҳодисалар қандай ўй-кечинмаларнинг маҳсули эканига кўпчилигимиз тушунмаймиз...

- Психология фанида “намойишкорона”, яъни “псевдосуицид” атамаси бор. Бундай пайт кишининг миясида ҳаёт билан видолашишдан ҳам кўра бошқаларнинг эътиборини ўзига жалб қилиш фикри биринчи ўринда туради. Аслида суицидни амалга оширадиганларнинг қарийб 60 фоизи юқори даражадаги депрессия (кучли руҳий безовталик) ҳолатида бўлишади.

Узоқ йиллик тадқиқот натижаларига кўра, суицидга олиб келадиган асосий сабаблар – кутилмаганда алданиш, яқин кишисининг ўлими, мутлақо ёлғизланиб қолиш, тадбиркорлик фаолиятининг кутилмаганда синиши, ишсиз қолиб, обрў-эътиборнинг йўқолиши, шахс сирлари унинг розилигисиз оммага ошкор қилиниши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолиши, яшашдан чарчаш сингарилардир. Одамда бир нечта психик касалликлар кузатилганда ҳам суицид хавфи анча юқори бўлади.

- Ҳаётсеварлик фазилати инсонни ҳар қандай вазиятда кучли ва иродали, сабр-бардошли бўлиб яшашга ундайди. Тарихга назар ташласак, жисмоний ҳаракат қилиш қобилияти чекланган кўплаб кишилар ногирон эканликларига қарамай, ҳаётда катта муваффақиятларга эришганликларини кўрамиз. Қўлсиз, оёқсиз бўлишса-да, юзларида ҳамиша табассум... Файласуф Милтон кўзлари ожиз бўла туриб “Инсон тафаккури қалбидадир, унинг ўзи жаннатни дўзахга, дўзахни жаннатга айлантира олади”, деган сўзларни бундан уч юз йил аввал ёзиб қолдирган. Эшитиш, кўриш ва гапириш қобилияти бўлмаган Элен Келлер ўз устида қаттиқ ишлаган, ҳатто китоб ҳам ёзган, у доим ёнидагиларга “Кунларим қандай ажойиб ўтяпти”, деб таъкидлар экан. Бугунги суицидлар ҳаётга нисбатан шукроналик ҳисси камайганиданми ёки оиладаги муҳит носоғломлиги туфайли рўй бераётганмикин, нима дейсиз?

- Аслида суицидга мойилликда кишининг феъл-атвори муҳим рол ўйнайди. Инсон ёшликдан ўз иродасини чиниқтириши, депрессив ҳолатларда ўзини қўлга ола билиши, миясидаги манфий фикрларни яхши томонга ўзгартириши керак.

Одам стрессларни енгиб, ҳаётга очиқ чеҳра билан боқса, одамлар унга яхши муносабатда бўлади. Қарабсизки, муаммолар дарров ҳал бўлади. Унутмаслик керак, одамлар ўртасидаги ижтимоий мустаҳкам алоқалар суицид хавфини камайтиради.

Хонадонларда ҳар бир оила аъзосига эътиборли бўлиш, уларнинг кундалик хатти-ҳаракатларини кузатиш лозим. Қайсидир сабаб туфайли психик бузилишлар сезилса, дарҳол мутахассисларга мурожаат этиш ва даволаш суициднинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Умидсизлик ва тушкунликка тушиб қолган кишиларга психолог (асосан психиатр) ёрдами зарур бўлади. Одамнинг муаммолари, уни қийнаётган нарсалар билан қизиқиб кўриб, унга ёрдам қўлини чўзиш керак. Бундай назоратга айниқса, ўсмирлар муҳтож. Оилаларда алкоголизм ёки наркомания бор бўлган ҳолларда уларга қарши курашиш лозим.

- Тиббиётда “профилактика” деган термин мавжуд бўлиб, у касаллик авж олишига қарши бўлган зарурий чорадир. Суицид амалга оширилмаслиги учун қандай профилактика олиб борган маъқул?

- Оилаларда суицидал хавф-хатарга олиб келадиган депрессив ҳолатларга эътибор қаратиш керак бўлади. Буни албатта, болалардан бошлаш лозим. Масалан, ўн икки-ўн тўрт ёшлиларда ҳам суицид аломатлари сезилиши кузатилган. Бундай пайт уларда турлича руҳият бузилишлари кузатилади, яъни хулқ-атворида зерикиш, чекиш, ичиш, дайдилик, интизомсизликларни кўриш мумкин.

Ўн олти ёшлилар бундай ҳолларда “касаллик” баҳонасида дарсларга бормай қўяди, катталар билан мулоқотга киришиши қийинлашади. Уларда ўқишдаги қийинчиликлар кўпаяди, қизиқишлари йўқолади, мактабга боришни давом эттиради, аввалгидек яшашга интилади, бироқ эплай олмайди. Ўзаро низоларни ҳам оғир қабул қилади. Суицидал ҳаракат уларда эмоционал зўриқиш вақтида эмас, балки руҳий жароҳатдан сўнг амалга оширилади.

Ўн саккиз ёшлилардаги суицидал ҳаракатлар ўзаро низолар билан алоқадор эмас, балки ўлим ва ҳаёт ҳақида узоқ давом этган фикрлаш оқибатида содир этилади. Улар суицидни амалга оширишда муваффақиятсизликка учраса, кейинчалик яна шу ҳолатни такрорлаши мумкин.

Гоҳо ёшлар “мен бўлмасам, ҳаммага яхши”, “улар менга қилган қилмишлари учун ҳали афсусланадилар”, “мен ҳеч кимга керак эмасман”, деган гапларни тез-тез такрорлайдиган бўлишади. Уларда уйқусизлик, бош оғриши, доимий чарчоқ, ташқи кўринишига эътиборсизлик, арзимаган нарсалар учун ғазабланиш, айбдорлик ва яқинларидан зерикиш ҳолатлари кузатилади. Бундай вазиятларда ота-оналар, яқин одамлари, оила шифокори ва мутахассис-психологлар, психиатрлар уларнинг гапини бўлмасдан тинглаб, бутун эътиборини қаратиб, режали равишда психологик ёрдам кўрсатиши жуда зарур.

Депрессиядан азият чекаётганларга шундай психологик иқлим яратиш керакки, улар ўзини ҳеч қачон ёлғиз ҳис этмасин. Бу жуда жиддий масала бўлиб, атрофдагилардан сезгирлик ва ҳушёрликни талаб қилади. Аслида биз соғлом фикрлашга қодир фарзандларни вояга етказишимиз даркор, бу орқали жамиятнинг маънавий соғломлигини ҳам таъминлаган бўламиз.

- Руҳий тушкунлик ҳолатида аутотренинг машқларини бажариш орқали нохуш вазиятни бартараф этиш мумкин экан. Сиз қандай машқларни тавсия этасиз?

- Бир нечта жисмоний машқлар борки, уларни бажариш давомида асаб тизими мустаҳкамланади, толиқиш бартараф этилиб, кайфият кўтарилади. Кўкрак қафаси учун машқ шундай бажарилади: Аввало, танани бўшаштириб, чуқур нафас олинг. Яна бир маротаба чуқурроқ нафас олиб, уни бир оз чиқармасдан туринг (бир, икки, уч). Кейин енгил нафас олинг, ўз меъёридаги ҳолатингизга қайтинг...

Ўйлаб кўринг-чи, нафас олганингизда кўкрак қафасингизда бироз оғриқ сездингиз, шундайми? Машқни яна бажариб кўринг, шунда кўкрак қафасингиздаги барча оғриқлар йўқолиб, ўзингизни бирмунча яхши ҳис эта бошлайсиз. Гўёки кўксингизни босиб турган оғир тошдан халос бўлгандексиз. Шунда кўнгил тубидаги эзгу орзуларингизни эсланг, “мен уларга албатта, эришаман, бундан кейинги умрим гўзал ўтади”, деб ич-ичингизда такрорланг. Иккала машқни ҳам кунига бажаринг. Қарабсизки, кўп ўтмай ҳаёт сиз учун атаб қўйган ўз мўъжизаларини кўрсата бошлайди...

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Гулчеҳра ЖАМИЛОВА суҳбатлашди.