Эркин Аъзам: Тагига чизилган фикрлар

Бугун, 10 август Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам таваллуд топган кун.

Эркин Аъзам 1950 йилда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида таваллуд топган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. Ўзбекистон радиосида, «Гулистон» журналида муҳаррир, адабий котиб, «Ёшлик» журналида бўлим мудири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида таҳририят мудири бўлиб ишлаган. 1994 йилдан буён «Тафаккур» журнали бош муҳаррири.

Унинг «Чироқлар ўчмаган кеча», «Отойининг туғилган йили», «Олам ям-яшил», «Жавоб», «Байрамдан бошқа кунлар», «Пакананинг ошиқ кўнгли», «Кечикаётган одам», «Жаннат ўзи қайдадир», «Шовқин» каби қисса ва ҳикоялари китобхонларга таниш.

***

Дастлабки танишувдаёқ суҳбатдошимнинг юзига «кўзгу» тутаман – марҳамат қилиб, асл башарасини кўрсин! Шу одатим туфайли неча бор каллам ғурра бўлди, неча-неча марталаб панду пушаймон едим. «Бугундан бошлаб – тамом, энди асло бундай қилмайман!» дея онт ичавериб, қасам мен учун сувга айланди. Тўғри гап туққанингизга ҳам ёқмайди, аммо иложим йўқ: ростини айтмасам – ичимда яна бир одам пайдо бўлиб, мен билан баҳслашади, мени гўр азобига солади; айтмасам – талай вақт ўзимга келолмай, дунёдаги энг пачоқ, ожиз кимсадек хўрланаман; айтмасам – бир неча кун танимда типратикан ўрмалагандек беҳузур юраман.

 ***

Мактабда директоримизнинг ясан-тусандан бошқасига нўноқроқ қизига ошириб баҳо қўйганларида дарсдан чиқиб кетгим келарди. Энди эса – мутлақо иқтидорсиз, лекин ўзига беҳад бино қўйган маҳмадона курсдошим Бўстоннинг, ҳуснига ишонибми, бир кун шоира бўлиб қолсам ажаб эмас, деган ночор илинж билан эринмай қалам тебратиши энсамни қотиради; ҳеч қачон имтиҳонга кирмаса-да, ҳамиша аълочилар рўйхатида юрадиган чаламулла Маратнинг мансабдор отаси соясида безбетларча гердайиши ғазабимни келтиради; домлалар ортидан номатлуб жойларга ҳам шарпадек эргашиб боришдан тоймайдиган Жавлибой Мелибоевнинг хушомадгўйлиги нафратимни қўзғайди…

 ***

Мадҳиддинни ҳамма мақтайди, ҳамма яхши кўради. Биламан, уни бугун университетда мақтайдилар, эртага ишхонасида, жамоат ўртасида мақтайдилар. У эса – қаерда, кимга, қайси шароитда бўлмасин – ҳамиша қўлини кўксига қўйганча: «Раҳмат, раҳмат», деб ё илжайиб, ё ишшайиб, ё тиржайиб тураверади; ҳатто тушида ранжитган одамидан ҳам эртаси келиб астойдил узр сўрайди.

 ***

Мадҳиддиннинг нимасидир талабалар орасида «Савлатонов» деб номи кетган домла Зиёхон Аҳмадхоновни эслатади. Биламан, ўқишни битиргач, у аввал албатта кичик илмий ходим бўлади, кейин – албатта катта илмий ходим! Аввал амал-тақал қилиб юз-юз эллик қоғозни қоралайди-да, фан кандидати унвонига эришади, кейин ўшанга яна икки юз бет (инсофига қараб!) қўшса, кифоя – фан доктори! Бир кун у қўққисдан кўзойнак тақиб чиқади – «Илмдан!» дейдилар; мансабу шон-шуҳрат кўйида овсардек паришонхотир бўлиб қолади – «Илмдан!», дейдилар. «Домла, домла», деб улуғлай бошлайдилар. Қўлингиздан нима келади – кўзидан кўзойнакни ололмасангиз, бошига қайтадан соч ўстиролмасангиз… Мана, домла Зиёхон Аҳмадхоновлар қандай пайдо бўлади!

***

Ташқарида – гуркираган ҳаёт, ичкарида – ёш-ёш, тепакал, бир юз нечанчи модданими, бир минг нечанчи юлдузними, худо берган бедаво дардга шифоми топиш илинжида умрини гоҳ бесамар, гоҳ басамар ўтказаётган аксар фидойилар, аксари унвонпарасту чаламуллалар давраси…

***

Башарти курсдошларни танлаш ҳуқуқи берилганда, мен Бўстон билан ўқишдан қатъиян бош тортган бўлардим. У билан бирга ўқиётганимни ўйлаб, доим уялиб юраман, келажакда ҳам эсимга тушса, ўзимни кечирмасам, номус қилсам керак. Қачон қараманг, телевизордаги «Қизлар давраси»да ишшайиб туради.

Гоҳида, конфет шимиб ёзган шеърларини ўқиб берса, гоҳо ҳеч нарса қилмайди – шунчаки, ўзини кўрсатиш учун чиқади. Биламан, эртага бир кун менинг омадим юришмайроқ қолганини эшитса, у албатта: «Ҳа, уми, бошдан ҳам аҳмоқ эди», дейди эслагиси ҳам келмай, бурнини жийириб. Борди-ю худо ёрлақаб тузукроқ одам бўлиб кетсам, у: «Бирга ўқиганмиз, бошдан ҳам зўр эди», дейиши турган гап.

Бекзод Ўктам тайёрлади.