Эркинжон Турдимов: «Фидойиларгина маҳалла раиси бўлиб ишлай олади»

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилояти ҳокимлигида жамият ҳаётида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдек эзгу ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган 38 нафар юртдошимизга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини топшириш тадбири ўтказилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқиб, барча маҳалла фаолларини қутлади, уларнинг меҳнатлари машаққатли ва масъулиятли эканлигини таъкидлади. Уларга мукофотни тантанали топширди.

- Бугун вилоятимиздаги 38 маҳалла фуқаролар йиғинининг 38 нафар оқсоқоли ва ходимларини тақдирладик, холос. Аммо вилоятдаги мавжуд мингдан зиёд маҳаллада ишлаётган ҳар бир киши мана шундай эътирофга, ҳурматга лойиқ, - деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. – Чунки маҳаллада ишлаш осонмас. Бу шу ҳудудда яшаётган ҳар бир оила, ҳар бир кишининг дардини ҳис қилиш, муаммосини ҳал этиш, яхшисини кўпчиликка тарғиб қилиб, ёмонини тўғри йўлга солиш дегани. Уларга бир кун ишлаш учун 24 соат етмайди. Маҳаллада эл ташвишини ўйлайдиган жонкуярлар ишлайди, фидойиларгина раҳбар бўла олади.

Шундан сўнг кўкрак нишони билан тақдирланганлар сўзга чиқиб, берилган юксак мукофот уларни янада масъулият билан ишлашга, ижтимоий маънавий муҳитни қарор топтириш, оилалар тинчлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, аҳоли ўртасида миллий урф-одат ва қадриятларни тарғиб этиш ишларида янада шижоат билан ишлашга даъват этишини таъкидлади.

- Маҳалламизда 7 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди Жомбой тумани Каттақишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.Шамсиева. - Кўксимда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони тақиларкан, бениҳоят руҳландим, юксак ғурур ва ифтихор туйғусини ҳис қилдим. Бу кўкрак нишони менинг тимсолимда маҳалладошларим, ҳар бир хонадон аҳлига ифтихор бағишлайди. Бугун берилган мукофот бизни ҳудудимизда ободонлаштириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, тўйларни тартибли ўтказиш ва бошқа эзгу вазифаларни янада масъулият билан бажаришга ундайди.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов (фото).