Маҳалла раисига кўрик-танлов нима беради?

Самарқанд шаҳридаги “Нурафшон” санъат саройида “Энг намунали маҳалла раиси” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда танловнинг сектор ҳамда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар маҳалла раиси иштирок этди.

Уч шарт: маҳалла раисининг амалга оширган ишлари тақдимоти, соҳага оид қонун ҳужжатлари бўйича савол-жавоб ҳамда маҳаллада учрайдиган кутилмаган муаммоли вазиятга ечим топиш бўйича маҳоратни намойиш қилиш. Илгари ҳам шу каби танловларни кўп ёритганлигим боис бир ҳолат эътиборимни тортди. Ҳар бир раис олдига қўйилган вазифани бажариш, аниқроғи, маҳалласининг фаровонлигини таъминлашда турлича ёндашувларни қўллаяпти. Кимдир ҳудуд ободлигини биринчи ўринга қўйган бўлса, яна кимдир бор эътиборини таълимни ривожлантиришга қаратган. Бошқа бир раис чиқиб, “Мен учун энг муҳими аҳолининг тинч-тотувлиги”, дейди. Шу маҳаллада ўтган 5 йилда битта ҳам жиноят содир этилмабди. Айтмоқчи бўлганим, раислар янгича фикрлаяпти ва ҳар бири ўзига хос тажриба мактабини яратяпти.

— Бу танловда ғолиб ва мағлуб томон бўлмайди, хулосалар нисбий, - деди танлов очилишида иштирок этган Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев. – Сабаби, унда иштирок этаётганлар танловнинг қуйи босқичларида сараланган, вилоятимизнинг энг олди раислари. Тадбирдан асосий мақсад уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштиришдир. Қолаверса, иштирокчиларни рағбатлантириш орқали фаолияти қўллаб-қувватланади. Эътироф янги марраларга ундайди.

Раислар қанақа фикрда? Буни билиш учун уларга “Сизга бу танлов нима беради?”, деган савол билан юзланиб кўрдик.

— Ваколатларимиз йил сайин ортиб бормоқда, - дейди Ургут туманидаги “Нисбат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зайниддин Суюнов. -  Биз бунга муносиб бўлишимиз керак. Танлов ютуқ ва камчиликларимизни кўрсатади, ўз устимизда ишлашга ундайди.

— Маҳалла раиси бир жойда тўхтаб қолмаслиги керак, - дейди Оқдарёнинг Бозоржой маҳалласи раиси Нурбиби Рўзиева. – Шахсан мен фаолиятим давомида туманимизнинг илғор маҳаллаларида бўлиб, тажрибасини ўрганганман. Танлов шарофати билан вилоятимизнинг энг фаол раислари билан танишдим, фикр алмашдим. Ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар талай экан.

— Маҳалла раисининг фаолиятига ҳақиқий баҳони фуқаролар беради, - дейди Самарқанд шаҳридаги “Боғимайдон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тошпўлат Раҳматуллаев. – Буни ҳудудлардан тушаётган мурожаатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Агар раис ўз ишини тўғри йўлга қўймаган, аҳоли билан яқинлашмаган бўлса, фуқаролар юқори турувчи идораларга мурожаат қилаверади. Акси бўлса, муаммо маҳалланинг ўзида ҳал бўлади. Таклифим, бундан кейин раислар фаолиятига баҳо беришдан олдин махсус комиссия тузилиб, маҳаллалардаги муҳит, фуқароларнинг кайфияти ўрганилсин. Шунда адолат бўлади.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, биринчи ўрин Каттақўрғон шаҳридаги “Яккабоғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Равшан Ҳамроевга насиб этди. Иккинчи ўринни Самарқанд шаҳридаги Боғимайдон маҳалласи раиси Тошпўлат Раҳматуллаев, учинчи ўринни Нуробод туманидаги Нурбулоқ маҳалласи раиси Жасур Холов эгаллади.

Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари берилди. Шунингдек, 5, 4, 3 ва 2-ўрин эгалари 5 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди.