Эрон БMT Хавфсизлик Кенгашидан АҚШнинг Форс кўрфазидаги беқарорликни тўхтатишини сўради
Бу ҳақда Эроннинг БМТ қошидаги муваққат ишлар вакили Эшаг ал-Ҳабибга йўллаган мактубида айтилган.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги ҳафтада Форс кўрфази ва Араб денгизидаги «АҚШ ҳарбий авантюризми» ҳаддидан ошиб кетди. Гап шундаки, Қўшма Штатлар ушбу ҳудудларга юқори технологик қуролларни етказиб берган ва кўплаб провакацион ҳарбий ҳаракатларни амалга оширган, деб ёзади РИА новости.
Ал-Ҳабибнинг аниқлик киритишича, гап АҚШнинг стратегик бомбардимончи самолётларининг Форс кўрфази узра парвози ҳақида бормоқда. Эрон вакили бундай жанговар вазиятни даҳшатли даражага етказиши мумкинлигини қўшимча қилди.
«Биз БМТ Хавфсизлик Кенгаши Қўшма Штатларни халқаро тамойил ва қоидаларга риоя қилишга мажбур қилишини кутмоқдамиз. Шунингдек, халқаро ҳамжамият АҚШдан Форс кўрфази каби минтақада беқарорлаштирув амалларни тўхтатишини талаб қилиши керак», дейилади БМТ бош котиби ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши раиси номига юборилган хатда.
30 ноябрь куни АҚШнинг USS Nimitz атом авианосеци (самолёт учиши ва қўниши учун мосланган ҳарбий кема) бошчилигидаги АҚШ авианосецининг зарба берувчи гуруҳи Ормуз бўғозидан ўтиб Форс кўрфазига кириб боргани ҳақида хабар берилган эди.
АҚШ авианосецининг Форс кўрфазига қайтиши 27 ноябрда - Эрон Ислом Республикасининг ядро дастури учун масъул бўлган эронлик олим Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилишидан кейин содир бўлди.