Эрон Қорабоғдаги вазият туфайли ҳудудига 71 та ракета келиб тушгани сабаб чегара ҳимоясини мустаҳкамлади

Бу ҳақда мамлакат қуролли кучлари вакили, генерал Аболфазль Шеракчи маълум қилди.

“Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тўқнашувлар халқаро ҳуқуқ ва қўшничилик тамойилларига риоя қилмаслик оқибатида Эрон қуролли кучлари ўз мудофаа чизиғини мустаҳкамлаб, шуни маълум қиладики, мамлакатнинг чегара ҳудудлари ва у ерда яшовчи одамларнинг хавфсизлиги бизнинг қизил чизиғимиз ҳисобланади”, дейилган юқори мансабли ҳарбийнинг баёнотида.

Шу муносабат билан у Қорабоғ ҳудудидан Эрон ҳудудига келиб тушган жанговар снарядлар ҳақида тўхталиб ўтди ва томонларга “Эрон қизил чизиғини кесиб ўтмасликни”, шу билан бирга, муаммони музокара йўли билан ҳал қилишни маслаҳат берди. Генералнинг сўзларига кўра, “Эрон чидаб қараб ўтирмайди ва тўқнашув олиб бораётган томонлар, шубҳасиз пушаймон бўладилар”.

Арманистон ва Озарбайжон билан чегарадош бўлган Эроннинг шимолий-ғарб ҳудудларига вақти-вақти билан Қорабоғ ҳудудидан снарядлар келиб тушади. Эрон маҳаллий ҳукумати хабар қилган сўнгги шундай ҳолат 21 октябрь куни содир бўлди. IRNA агентлигининг маълум қилишича, ўша куни Эрон ҳудудига 71 дона ракета келиб тушган.