Эртадан Янги йил томошалари бошланади
Бу йил ҳам Янги йилни кўтаринки руҳда кутиб олиш мақсадида вилоят ҳокимлиги маданият бошқармаси, вилоятдаги мавжуд театрлар жамоалари билан ҳамкорликда маданий-кўнгилочар тадбирлар ишлаб чиқди. Унга кўра, асосий байрам томошалари Самарқанд шаҳридаги вилоят мусиқали драма театри ва Темирйўл вокзали олдидаги майдонда ҳамда Сартепа маскани, Кимёгарлар, Сўлим ва Фарҳод шаҳарчаларида бўлиб ўтади. Шунингдек, вилоятдаги барча туман ва шаҳарлар маркази байрам тадбирларини ўтказиш учун шай ҳолга келтирилди.
Шодиёна муносабати билан бугун Самарқанд шаҳрида байрам ярмаркалари иш бошлади. Хусусан, Кўксарой майдонининг вилоят мусиқали драма театри олдидаги савдо павильонларида Янги йил байрами совғалари савдоси йўлга қўйилди. Байрамнинг асосий арчаси ҳам театр олдидаги майдонга ўрнатилди. Унинг бўйи 26 метрни ташкил этади. Арча ёнидаги саҳнада 20 декабрдан 2019 йил 10 январгача байрам томошалари, кўргазма ва концерт дастурлари намойиш этилади. Корхона ва ташкилотлар ўртасида "Энг чиройли безатилган арча", "Энг чиройли бино" ҳамда "Энг намунали кўча" номинациялари бўйича танлов ўтказилади ва ғолиблар аниқланади.
– Фарзандларим билан бу ерга келиб, Янги йил завқини туйдик, маданий ҳордиқ олдик, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Маҳбуба Шамсиева. – Ярмаркадан ўзимизга керакли арча безаклари ва ўйинчоқларини харид қилдик. Болаларимнинг қувончи ичига сиғмайди. Янги йил арчаси ҳам ўзгача экан. Юртимизда шундай айём, тўй-байрамларнинг кўп бўлгани қандай яхши.
Абдужаббор ПЎЛАТОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).