Эшитганингга эмас, кўрганингга ишон. Ургутда эпидемия тарқалганлиги ҳақидаги хабарлар асоссиз (видео)

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри ва айрим туманларида қизамиқ эпидемияси тарқалгани, Ургут ва Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмаларининг юқумли касалликлар бўлимида жой етишмаëтгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хусусан, Ургут туманида “карантин” деб шифохона ичкарисига одамлар қўйилмаётганлиги ҳам билдирилган. Қолаверса, “бир ëшга тўлмаган бола шифохонада ётибди, биз на болани ва на онасини кўрганимиз йўқ. Ичкарига ҳеч ким қўйилмаяпти”, дейилган.

Мазкур ҳолат юзасидан “Дарё” мухбири Фарҳод Норбўтаев журналистик суриштирув олиб борди.

Маълум бўлишича, 2019 йилда Ургут тумани бўйича 522 нафар фуқаро тошма синдроми гумон қилиниб, шифохонага мурожаат қилган. Уларнинг атиги 4 нафарига қизамиқ касаллиги ташхиси қўйилган.

– Ўтган йил давомида режа асосида 13070 миқдор эмдори олинган ва болалар тўлиқ эмланган. Шунингдек, 11790 нафар бола қайта эмланган, - дейди Ургут тумани тиббиёт бирлашмаси бош врачи Дилшод Тоғаев. – Бундан ташқари, эпидемиологик ҳолатлардан келиб чиқиб, Ғўс, Вағашли, Навоий, Қоратепа, Меҳнатобод маҳаллалари ва Ургут шаҳридаги 2500 нафар болалар ҳам эмланган.

Журналистик суриштирув давомида, Ургут тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимида ҳам бўлдик. 2017 йилда қурилган мазкур бўлим 80 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 45 нафар турли касалликлар билан келган беморлар даволанаётганлиги ва айни пайтда 35 та бўш ўрин борлиги аниқланди.

– 2020 йилда Ургут туманининг юқумли касалликлар бўлимига жами 6 нафар фуқаро тошма синдроми билан, қизамиққа гумон қилиниб, ётқизилди, - дейди туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими мудири Қобил Файзиев. – Аммо ўтказилган текширувлардан сўнг уларнинг 3 нафаридаги тошма қизамиқ касаллиги эмаслиги аниқланиб, уларнинг аҳволи яхшилангач, уйларига жавоб берилди. Айни вақтда бўлимимизда яна уч нафар тошма синдроми билан ётқизилган беморлар бўлса-да, уларда ҳам касаллик айнан қизамиқ эканлиги тасдиқланмади. Ҳозирда улар керакли тиббий текширувлардан ўтказилмоқда.

Туманнинг юқумли касалликлар бўлимидаги вазиятни ўрганиш мақсадида бу ерда даволанаётган беморлар билан суҳбатлашдик. Бемор Зуҳра Облоқулова иситмаси юқорилиги сабабли уч кун аввал мазкур бўлимга мурожаат қилганида, ҳеч қандай карантин ҳолати бўлмаганлиги ҳамда даволаниш учун жой етарли эканлигини таъкидлади.

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам қизамиқ эпидемияси тарқалмаганлиги, ижтимоий тармоқларда хабарлар асоссиз эканлигини билдирди.