Етказилган зарар ўрни қоплангани сабаб раҳбар қамоқдан озод қилинди
Суд кўриб чиққан ҳолат Нарпай тумани халқ таълими бўлимига қарашли 11-умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган.
Мактабда ходимларга директор жамғармасидан ҳар ойлик устамалар ва бошқа рағбатлантиришлар белгилаш бўйича ташкил этилган махсус комиссия йиғилишлари аслида ўтказилмаган бўлса-да, расмий ҳужжат ҳисобланган мактабнинг буйруқлар дафтарига ушбу махсус комиссия йиғилиши ўтказилганлиги ҳақидаги сохта маълумотлар киритилган.
Ушбу йиғилиш баёнидаги комиссия аъзолари И.Хабибов ва Ж.Ёдгоровларнинг имзоларини сохталаштириб, ушбу йиғилиш баёни асосида амалдаги талабларга зид равишда, 2019 йил январь-июль ойларида мактабнинг 24 нафар ўқитувчиларига мажбурий ушланмалардан ташқари 54 миллион 525 минг 500 сўмлик устама пуллари асоссиз равишда тўлаб берилган. Яъни, бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилинган.
У ишни мактаб директори Г.Расулова ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари А.Очилов билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, мансабдор шахс ҳисобланиб, ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб амалга оширган.
Биринчи инстанция суди томонидан судланувчилар Г.Расулова ва А.Очиловнинг жиноий ҳаракатлари ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари ва 209-моддаси 1-қисми билан айбдор, деб топилган ва тегишли жазо белгиланган.
Шунингдек, судланувчи Г.Расулова ва А.Очиловларнинг жиноий ҳаракатлари натижасида етказилган 54 миллион 525 минг 500 сўм зарарнинг ундирилмай қолган 43 миллион 25 минг 500 сўми судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланган.
Мазкур жиноят иши вилоят судининг апелляция инстанциясида кўрилишида, жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш учун судланувчиларнинг яқин қариндошлари томонидан Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг вилоят ҳудудий бўлимига 43 миллион 50 минг сўм миқдоридаги моддий зарар тўланганлиги ҳақидаги квитанциялар тақдим этилган.
Судлов ҳайъати Г.Расулова ва А.Очиловларнинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонликларини, яшаш жойларидан ижобий тавсифланганлигини, оилавий шароитларини, иш бўйича етказилган моддий зарар қопланганлигини эътироф этди.
Биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартириб, Г.Расулова ва О.Ачиловларга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштириб, уларга нисбатан қўлланилган эхтиёт чораси бекор қилиниб, дарҳол қамоқдан озод этишлик ҳақида ажрим чиқарди.
Тўлқинжон КОДИРОВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси.