Етти ўлчаб бир кесмасанг… Халқ мақоли баҳонасида қарз олди-бердисида адашаётганлар хусусида
Инсон борки, ҳамиша кўмакка муҳтож бўлади. Айниқса, даромадимни кўпайтираман, ҳаётимни яхшилайман, деган одам тадбиркорлик қилади. Тадбиркорлик, табиийки, маблағ талаб қилади. Ана шундай пайтда ҳар бир киши ё банкдан ёки дўст-ёрдан қарз олиб туради. Ишни битиргач, келишувга мувофиқ омонатни эгасига қайтаради. Бу – ҳаётимизда тез-тез учрайдиган ҳолат. Лекин…
Акбаржон (исм, шарифлар ва жой номлари шартли) ўзига мурожаат қилган икки кишига қарз беради, фоизини ҳам келишиб олишади. Бундай қарасангиз, ҳаммаси рисоладагидай, фақат...
Ўшанда иш ҳам ёмон кетмаган. Қарз олган икки шахс бир-бири билан унча яқин таниш эмас, тадбиркорлик туфайли мулоқотда бўлишган, холос. Шундай бўлса-да, улар аввалида ишни йўлга қўйиб, қарзнинг муайян қисмини топширгандек бўлишди. Бироқ кўп ўтмай, омонат олганлардан бирининг бозори касод бўлди. Аниқроғи, ҳисоб-китобда адашиб, пулсиз қолди. Буниси ҳам етмагандек, бошқалар билан олди-бердида ҳам камчилиги чиқди. Натижада қарзларни тўлай олмаслиги сабабли ундирув мол-мулкига қаратилди.
Аслида, бизга шикоят қилган кишининг ҳангомалари шу пайтдан бошланди.
Тўғри-да, қарз берган одам омонатни фоизи билан қайтаришни сўрайди. Қаҳрамонимиз эса айбни шеригига ташлайди, омонатни қайтармаслик йўлларини қидиради. Қарз берганга фарқи нима – «олдингми, қайтар, шеригингнинг ҳолати билан ишим йўқ, биргамисан, бир кемада эдингми, демак, тўлиқ жавобгарсан!».
Энди қаҳрамонимиз турли идораларга ўзини жабрдийда қилиб кўрсатишга ҳаракат қилди. Сабаб ўша-ўша – «Менга шеригим панд берди, қарз берган одам мендан нотўғри талаб қиляпти!». Айниқса, ўзининг мулкига ҳам қарор чиқаришганида у дод солишдан уялмади. Ҳали ҳокимиятга, ҳали прокуратурага, ҳали маҳаллага ёзаверди. У энди “Менинг аризаларимни ўз вақтида кўришмаяпти, менга нотўғри муносабатда бўлишяпти, уларга чора кўришларингизни сўрайман» мазмунидаги аризалар ёзишга тушди.
Тўғри, туман маҳаллалар уюшмаси раҳбарларида ҳам масъулиятсизлик бўлган. Шикоятчининг мактубига «Биз фуқаролар ўртасидаги олди-берди масаласини кўриб чиқишга ваколатли эмасмиз» деган мазмунда бир энлик хат ёзишса, олам гулистон эди.
Халқимизда «Мол аччиғи – жон аччиғи», деган нақл бежиз айтилмаган. Қаҳрамонимиз бировдан олган омонатини қайтармаслик учун қўлидан келган ишларни қилиб кўрди. Аммо қонун олдида барибир ҳеч нарса қила олмади. Ҳатто унга «Қарз олишда, шерик танлашда пухта иш тутмаганлигингиз сизнинг айбингиз эмасми?» дея савол беришганда ҳам турли баҳоналар билан ўзини оқлашга уринди.
Албатта, қарз олди-бердиси аҳоли ўртасида бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Фақат у ҳалолликни ёқтиради. Нопок ният аралашганда олган қарзи буюрмайди. Шунинг учун ҳар бир иш аввалида мақолда айтилганидек, етти ўлчаб бир кесмоқ зарур. Айнан ана шу нақлга амал қилмаганлигимиз туфайли бугунги кунда одамлар (ҳатто яқин қариндошлар) ўртасидаги олди-бердиларда юзага келган тушунмовчилик ва низолар судларда кўриб чиқилмоқда.
Ёзувчи Тоҳир Малик қайдларининг бирида «Қарз олди-бердисига доир машмашаларнинг келиб чиқиш сабабини жоҳилликдан қидириш керак. Агар кишида илм бўлса ва бу илмига амал қилса ёки илм олишга интилувчилардан бўлса, тўғри йўлдан юради ва боши ғавғолар дўлига учрамайди», деган гап бор. Бу гап бежиз айтилмаган. Истак туфайли ҳеч қандай режасиз, пухта ўйламасдан бирор юмушга қўл уриш, айниқса, қарз олиш ташвишдан бошқа нарса келтирмайди.
Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик Фуқаролик кодексининг 109-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келади. Бошқача айтганда, битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигини англатмайди. Бироқ низо келиб чиққан тақдирда, тарафларни битимнинг тузилгани, мазмуни ёки бажарилганини гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
Ҳаётда негадир қарз берувчи ҳам, қарз олувчи ҳам қарз олди-бердисини нотариал расмийлаштиришга ҳаракат қилмайди. Бу эҳтимол, уларнинг нотариал идорага бориш, қарз шартномасини расмийлаштириш учун вақт сарфлагиси келмагани билан изоҳланар.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам инсоннинг хоҳиши унинг имкониятига мос бўлиши керак. Буни бизда “Кўрпангга қараб оёқ узат”, деб изоҳлашади. Шундай экан, ҳар бир ҳаракатимиз қонун асосида рақамлашаётган, кўриниб турган технология замонида оғзаки келишувлар, айниқса, пул масаласида турли фирибгарликлар энди иш бермайди. Оқибатда пушаймон емасликнинг йўли битта – омонатга хиёнат қилманг, буни Худо ҳам кечирмайди!
Ўлмас Сайдинов.