Евро "эркин қулаш" жараёнида

Deutsche Wirtschafts Nachrichten мақоласида айтилишича, Россияга қарши санкцияларнинг эҳтимолий кучайтирилиши ва уларнинг Европа иқтисодиётига таъсири билан боғлиқ ноаниқлик шусиз ҳам «ёмон аҳволда» бўлган еврога янада кўпроқ босим ўтказиши мумкин.

Газетанинг қайд этишича, Европа валютаси ҳозир “эркин қулаш” ҳолатида ва унинг АҚШ долларига нисбатан курси 2017 йилдан бери энг паст даражага тушди.

Германиянинг Bayern Landesbank таҳлилчиларига кўра, АҚШ Федерал захира тизими юқори инфляцияга қарши курашишда фоиз ставкаларини оширишни режалаштираётгани сабабли доллар мустаҳкамланишда давом этади.

Кўпчилик экспертлар фикрича, Украина инқирозининг иқтисодий оқибатларидан Европа АҚШдан кўра кўпроқ жабр кўрмоқда.

VP Bank бош иқтисодчиси Томас Гитцел сўзларига кўра рецессия, юқори инфляция ва Европа марказий банкининг ҳаракат қила олмаслиги ёки буни истамаслиги" энг даҳшатли сценарий" бўлади.

Шу билан бирга, истеъмолчилар кайфияти кўрсаткичлари евро курсига деярли таъсир қилмаган, дея таъкидлайди нашр. 

Аввалроқ Deutsche Bank собиқ бош иқтисодчиси Томас Майер евро курсининг беқарорлиги фуқароларни расмий валютага муқобил излашга ундаши мумкинлигини айтган эди. Унинг фикрича, Европа Иттифоқида кутилаётган узоқ муддатли инфляция “еврони ўлдириши” мумкин.