Европа Иттифоқи янги давлатларни қабул қилиш тартибини соддалаштиради

ЕИ кенгайиш жараёнини тезлаштириш мақсадида янги аъзо давлатларни қабул қилиш тартибини соддалаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
 
Европа кенгаши раиси Антониу Коштанинг айтишича, амалдаги тизим жуда мураккаб бўлиб, музокаралар жараёнида ўнлаб овоз бериш босқичларини талаб қилади. У қарор қабул қилиш босқичларини қисқартириш орқали жараённи самаралироқ қилиш мумкинлигини таъкидлади.

Таклифга кўра, аъзолик бўйича музокараларнинг айрим босқичларини бошлаш учун барча давлатларнинг бир овоздан розилиги талаб қилинмаслиги мумкин. Бироқ якунловчи қарорлар учун ЕИга аъзо барча мамлакатлар розилиги сақланиб қолади.

Ҳозирги қоидаларга кўра, ҳар бир босқични бошлаш ва якунлаш учун барча аъзо давлатларнинг якдил маъқуллаши зарур. Бу эса айрим мамлакатларга вето ҳуқуқидан фойдаланиб, жараённи чўзиш имконини беради.

Бу муаммо, айниқса, Ғарбий Болқон давлатлари мисолида яққол кўринмоқда. Уларнинг айримлари ЕИга қўшилишни йигирма йилдан ортиқ вақтдан бери кутмоқда.