Европа ва АҚШ ҳайвонот боғларида ўтган аср бошларида одамлар ҳам намойиш этилган
ХХ асрнинг бошида Европа ва АҚШнинг йирик ҳайвонот боғларига ташриф буюрганлар тимсоҳ, антилопа ва маймунлардан ташқари, одамларни ҳам томоша қилишган. Ўша даврда бундай “боғ”ларда ҳайвонлар билан бирга омадсиз ва ибтидоий қабила вакиллари ҳам намойиш этилган.
1889 йил зоолог Карл Хакенбекда ҳайвонот боғларида инсонларни ҳам кўргазмага чиқариш ғояси туғилган. У ташкил этмоқчи бўлган ҳайвонот боғида ёввойи қабилалардан бўлган инсонлар ҳам сақланиши керак эди. Ўша даврда ёввойи қабила вакилларини ҳеч ким инсон деб ҳисобламаган. Улар маймун ва инсон ўртасидаги мавжудот сифатида кўрилган, холос. Ўйлаб қўйган режасини амалга ошириш учун Хакенбек Оловли замин оролининг селкнам қабиласидан 11 кишини тутишга муваффақ бўлди. Ачинарлиси, Хакенбек бу қилмишини ҳукумат розилиги билан амалга оширган.
Селкнам қабиласи вакиллари учун сим ёғочлар билан ўралган, ўзларининг “яшаш шароитлари” яратилди. Бу кўнгилочар ҳайвонот боғида селкнамликлар гўё ўзлари билган шароитда яшашда давом этарди, оқ танлилар бўлса, уларни томоша қилишга келарди. Томошабинлар уларга банан ва бошқа мевалар отарди. Хакенбекдан сўнг кўплаб одамлар ҳайвонот боғлари ташкил этди. Африка ва ҳинду қабилалари вакилларига нисбатан ҳақиқий ов бошланди. Ёввойи одамлар оилавий тутиб келиниб, шундай ҳайвонот боғларига жойлаштириларди.
ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб, бундай ҳайвонот боғларига нисбатан инсонпарварликка зид дея қарала бошланди. 1958 йилда Брюсселда ўтказилган Умумжаҳон ярмаркасида бундай ҳайвонот боғлари фаолиятига узил-кесил чек қўйилди.
Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси.