Европадаги "Шенген ҳудуди" келишуви ҳақида биласизми?

"Шенген ҳудуди" атамаси Европанинг 5 давлати, Белгия, Нидерландия, Люксембург, Франция, Германия томонидан шу 5 давлат ўртасида паспорт-виза тизими ва фуқароларнинг ўзаро эркин ҳаракатланишларини соддалаштириш мақсадида 1985 йилда, Люксембургнинг Шенген қишлоғида бўлиб ўтган йиғилиш ва шу ерда имзоланган келишув туфайли келиб чиққан.

Ушбу келишув орадан 10 йил ўтиб, 1995 йилнинг 26 мартидан бошлаб ишлай бошлади ва 1999 йилнинг 1 май санасигача, Европа Иттифоқи "Шенген ҳудуди" масаласида умумевропа қонунларини жорий қилгунча амалда бўлди.

1995 йилда "Шенген ҳудуди" келишуви ўз ишини бошлаганда бу келишувга 7 давлат қўшилган эди. Булар: Бельгия, Франция, Германия, Люксембург, Нидерландия, Испания ва Португалия.

1997  йилда Италия ва Австрия келишувга қўшилди. 2000 йилда Греция қўшилди.

2001 йилда келишувга Скандинавия давлатлари: Швеция, Финляндия, Дания, Норвегия ва Исландия қўшилишди.

2007 йилда келишувга 9 давлат: Чехия, Эстония, Венгрия, Латвия, Литва, Мальта, Польша, Словакия и Словения қўшилишди. 2008  йилда Швейцария қўшилди. 2011 йилда Лихтенштейн қўшилди.

Бугунги кунда "Шенген ҳудуди" келишувига Европанинг 26 давлати кирган. Булар:

  1. Австрия
  2. Бельгия
  3. Венгрия
  4. Германия
  5. Греция
  6. Дания
  7. Исландия
  8. Испания
  9. Италия
  10. Латвия
  11. Литва
  12. Лихтенштейн
  13. Люксембург
  14. Мальта
  15. Нидерландия
  16. Норвегия
  17. Польша
  18. Португалия
  19. Словакия
  20. Словения
  21. Финляндия
  22. Франция
  23. Чехия
  24. Швейцария
  25. Швеция
  26. Эстония

Яқин йилларда бу келишувга Европанинг яна 4 мамлакати қўшилади. Булар:

  1. Хорватия
  2. Болгария
  3. Руминия
  4. Кипр.

"Шенген ҳудуди" келишуви илк имзоланганда ва кейинчалик 1999 йилда Европа Иттифоқи ўз назоратига олгунча Европадаги турли давлатларнинг келишувга қўшилишлари бирмунча осон бўлган. "Шенген ҳудуди" келишуви Европа Иттифоқи назоратига ўтганидан кейин келишувга қўшиладиган давлатларга қўйиладиган талаблар анча кучайтирилди.

Тан олиш керак, "Шенген ҳудуди" келишувининг жорий қилиниши бу келишувга қўшилган Европа мамлакатларининг иқтисодий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган. Сабаби, бу келишувга қўшилган давлатлар ўртасида паспорт-виза масалалари, товар айирбошлашда божхона тартиби жуда соддалаштирилган. Шунингдек "Шенген ҳудуди" келишуви Европа қитъасида сайёҳликни риволанишида ҳам муҳим роль ўйнади ва Европага келадиган сайёҳлар оқимини кескин кўпайтирди. Сабаби, бу қитъага келадиган сайёҳлар "Шенген ҳудуди" келишувига кирган исталган мамлакат визасини олса келишувга қўшилган бошқа мамлакатларга ҳам эркин кириб бораверади.