Ф.Тошев: Қурилиш – савобли иш, унга нопокликни аралаштирмайлик

Ҳақиқатан ҳам вилоятда кейинги йилларда қурилиш авж олди. Шунинг баробарида бу соҳага нопок анъана ва усуллар ҳам кириб келди. Шахсий муносабат, манфаат устуворлик қила бошлади.

Қурилиш объектлари баъзан тендерсиз, гоҳида эса номигагина ўтказилган тендер орқали “маъқул” кишиларга бериб юборилди. Мактаблар, МТМлардаги таъмирлашлар назоратдан мутлақо четда қолди.

Ҳокимликнинг бу ҳаракатига қурувчилар ҳам жавоб қайтаришди. Ўзларига маъқул тушган жойни танлаб, аҳоли норозилиги ва қонундаги тақиқларни писанд қилмай, ҳокимликлар қарорини чиқариб олишга эриша бошладилар. Архитектор, кадастр хизмати ходимлари ўз-ўзидан четлашиб қолдилар ёки тадбиркорга шерик бўлиб олдилар. Бу нопок ишга аста-секин айрим мансабдорлар ҳам қўшила бошлашди. Ҳокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари ортиқча “штат” даражасига етиб борди.

Энг ёмони, бу ҳолат аҳолини кайфиятига салбий таъсир кўрсатди. Кўпчилик уй-жой масаласи фақат пул билан битади, деган хулосага келди. Газетадаги танқидлар, мажлислардаги мулоҳазалар, ариза ва шикоятлар ҳисобга олинавермагач, прокуратура ва суд идоралари қурувчи тарафини олавергач, жамоатчилик ҳам бу ҳолатга кўникди.

Сессияда айнан ана шу аянчли манзарага барҳам бериш тўғрисида гап борди. Жиддий чоралар белгиланди. Назаримда ҳамма – депутатлар ҳам, соҳа ходимлари ҳам, жамоатчилик ҳам ўз айбини тушуниб етди. Шахсан ўзим ҳам.

Бу оғир шармандали воқеадан сабоқ чиқармасликка ҳақимиз йўқ, деган хулосага келдик.

Ф.Тошев,

халқ депутатлари Самарқанд

вилоят Кенгаши депутати.