Фаросат туғма фазилатми?
Профессор Мамаюнус Пардаев билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев суҳбати
Фармон Тошев: Домла, сиз гарчи иқтисодчи олим бўлсангиз ҳам, кўп йиллардан буён публицистикада, ҳатто бадиий ижодда қалам тебратасиз, яъни инсон руҳиятини ўрганасиз. Сиз билан шу ҳақда суҳбатлашиш ниятим бор эди.
Мамаюнус Пардаев: Аслида зиёли деган сўзнинг ўзи инсоннинг маънавиятини англатади. Чунки, фалсафа, тарих, адабиёт ҳақида тушунчага эга бўлмаслик ёки унга қизиқмаслик зиёлиликни англатмайди. Қораламаларим эса, энг аввало, китоблардан ўқиб олган таассуротларим ва ҳаётий тажрибам натижасидир. Бинобарин, мен сизда ҳам инсон руҳиятини чуқурроқ ўрганиш ҳаракатини кўраман.
Ф.Т: Ижодкорнинг вазифаси кишиларга дунёни англашга ёрдам бериш, яъни нуқтаи назар шакллантириш. Одамлар эътиборини бир масалага жалб этиш учун уларни ана шу масала ечимига ишонтирмоқ керак.
М.П.: Фикрингизга қўшиламан, аммо глобаллашув жараёни инсон руҳиятини ҳам ўзгартириб юборди. Бугуннинг одами катта асарларни, ҳатто катта ахборотларни ҳам ҳафсала билан ўқимайди. Шу сабабли тажрибамизга таяниб, мавзу юзасидан қувваи ҳофизамизга яраша ихчам иборалар орқали фикрлашсак, деган эдим. Бинобарин, каминада ҳам, сизда ҳам бу услуб шаклланган.
Ф.Т.: Тўғри айтасиз домла, бундан уч йилча муқаддам иккаламиз ана шу услубда уюштирган суҳбат кўп нашрларда эълон қилинди. Бу орада менинг “Тафаккур манзаралари”, сизнинг эса “Мамаюнус Пардаевдан сабоқлар” китобларимиз чоп этилди. Умуман, одамлар руҳига оятлар, ҳадислар, мақол ва нақллар, иборалар орқали таъсир ўтказиш адабиётимизда илгаридан бор жанр. Фақат биз уни қудратидан фойдаланмаяпмиз.
М.П.: Бизда ишлаган одам хато қилади, деган ибора юради. Айрим қусурларга ҳам ана шу нуқтаи назардан ёндашамиз, хатосини кечирамиз.
Ф.Т.: Албатта, беайб Парвардигор. Ишламаган одам хато қилмайди, ишлаган хато қилади. Бу бор гап, бироқ назаримда ҳар қандай ишга ҳам хато қилишим мумкин, деб ёндашиш масъулиятни сусайтиради. Буни ҳаёт кўрсатяпти.
М.П.: Бу гапингизга қўшиламан. Масъулияти йўқлар ўзи қилиши керак бўлган ишни ҳам биров айтмагунича бажаришмайди. Турткига ўрганган одам механик соатга ўхшайди, дам солиб турмасанг, ишламайди.
Ф.Т.: Масалан, мен шундай тушунаман: қумурсқа, асалари, чигиртка ва яна бошқа кўплаб жонзотлар ўз сафларини касал, ҳаромхўрлардан ўзлари тозалайди. Ваҳоланки, Худо берган ақлимиз бўлишига қарамасдан, биз, одамлар бу борада анча орқадамиз.
М.П.: Биласизми, нодон киши ўзининг зўрлигидан мақтангиси келса, ҳеч имконият топмаган паллада нима қилади?
Ф.Т.: Агар у нодон бўлса, атрофдагиларга ўз кучини кўрсатиш учун аввал ўз ўтовига олов қўяркан. Бу шуҳратпарстлик касали.
М.П.: Аламзадаликни қандай даволаш мумкин ва унинг руҳияти қандай бўлади?
Ф.Т.: Аламзадалик аслида даволанадиган иллат эмас, унинг фақат олдини олиш мумкин. Чунки аламзада одам кўз ўнгидаги ҳаммадан қасд олишга интилади. Бир кишидан аламини олса ҳам тинчимайди. Шу сабабли бировнинг аламини келтиришдан асранмоқ лозим.
М.П.: Қандай одамлар ўзини бошқара олади ва мос равишда ўзи билан кураша олади?
Ф.Т.: Фақат илмли, фаросатли, тарбияли одамгина ўз фикри билан кураша олади. Акс ҳолда, у нуқул бошқалар билан баҳслашади.
М.П.: Одамларда нафратланиш бор. Нафратсиз яшашнинг имкони йўқми?
Ф.Т.: Ўзини бошқара олмаганларда ортиқча нафратланиш бўлади. Бу инсондаги эзгу фазилатларни хира торттиради, нафратланганлар олдида ўз обрўсини ўзи паст қилиб қўяди.
М.П.: Айримлар кибрданми, жаҳлданми, билмадим, баъзан саломлашишни ҳам эп кўришмайди.
Ф.Т.: Инсон нафратланганда саломлашишни ҳам ўзига эп кўрмайди. Бироқ бундай одатни ҳаддан кўп такрорлаб бўлмайди. Ўзимизга ҳам бошқалардан шундай муносабат бўлиши мумкин.
М.П.: Одамни нима кўпроқ ланж ва дангаса қилиб қўяди?
Ф.Т.: Осон нарсага интилиш иштиёқ ва ҳафсалани ўлдириб бораверади.
М.П.: Бефарқлик нима? Буларда холислик бўладими?
Ф.Т.: Атрофдаги воқеаларга муносабат билдирмаслик, жим туриш ҳамма вақт ҳам холислик эмас, ношудликни яширишдир.
М.П.: Сўз билан мусобақа ўйнаб бўладими?
Ф.Т.: Сўзда баҳслашганлар ўртасида ҳеч қачон ғолиб бўлмайди.
М.П.: Ҳамма маърифатли бўлишни хоҳлайди, аммо бу даражага ҳамма эришмайди. Нима учун?
Ф.Т.: Маърифатни айтмоқ учунгина эмас, уни тингламоқ ва ҳазм қилмоқ учун ҳам маърифатли бўлмоқ лозим.
М.П.: Хушомадгўйлар нима учун орамизда кўпайиб бормоқда?
Ф.Т.: Хушомадгўй ўз ёлғони ва мақтовлари билангина кун кўра олишини унутманг, унинг ҳаётдан бошқа манфаати йўқ. Ким манфаати учун яшаётган бўлса, унинг хушомаддан бошқа иши ҳам йўқ. Хушомадга барҳам беришнинг йўли уни ҳазм қилмасликдир.
М.П.: Агар инсонда фаросат ва сезги бўлмаса аҳвол не кечган бўларди?
Ф.Т.: Кўзинг очиқ эрса, дунёни кўрарсан ошкор,
Билдиради тилинг қайси таъмда маза бор,
Қулоғингга келгай барча садолар бисёр,
Аммо бўлмаса агарда кўнгилда сезгинг,
Кўр, кар қолурсан, сезгининг барчаси бекор.
М.П.: Одатда тавба қилган одам комил бўлади, комил инсонлар илмли бўлишлари зарур, деган гапга нима деган бўлар эдингиз?
Ф.Т.: Тавба қилмоқлик учун аввало иқрор керак,
Комиликка заковат, билимга такрор керак.
М.П.: Жаҳолат ҳамиша бор нарса. Бундан доимо ҳимояланиб туриш учун нима қилмоқ керак?
Ф.Т.: Жаҳолатдан асранишнинг йўли битта, у ҳам бўлса илмдир. Бинобарин, оилада яхши тарбия кўрмаган болаларни илмга қизиқиши ҳам жуда кам бўлади.
М.П.: Истаймизми-йўқми, биз мураккаб вазиятда кимгадир, нимагадир суянамиз.
Ф.Т.: Тўғри, лекин халқда шундай бир нақл бор: “Бировга суянган бир муаммони енгади, ўзига суянган умр бўйи бировга суянмасдан яшайди”.
М.П.: Шу ўринда бир фикр келиб қолди, одамлар бировларнинг камчилигига ҳам суянишади.
Ф.Т.: Киноянгизни тушундим, бошқаларнинг хатоларини кўпчилик ўртасида айтиш бу шуҳратпарастликка интилишдир. Буни ҳаёт ҳақиқати кўрсатиб турипти.
М.П.: Бировнинг қусурини айтганда биз билиб-билмай ёлғон ишлатамиз.
Ф.Т.: Домла, бу табиий ҳол. Биринчидан, ёлғонни айтиш осон, иккинчидан, ёлғон гапирганингизда ҳозир одамлар эътироз билдириб ўтиришдан эринади, гапингиз ўзингизга худди тўғридек ёки кўпчилик қабул қилгандек туюлади. Бундай пайтда бировнинг шаънига тегадиган гап айтилганда қонунлар ишга тушиши керак.
М.П.: Сизнингча, фаросат туғма фазилатми?
Ф.Т.: Ҳа, мутлақо туғма, ота-онанинг қонидан ўтади. Мисол учун, илмли одам ҳам гуноҳ қилади, чунки унда фаросат суст.
М.П.: Сизнингча, руҳиятимиздаги бугунги қусурнинг энг каттаси нима?
Ф.Т.: Мақсадсиз, режасиз, кўчанинг гапи билан яшаш, “миш-миш”га ишониш, бундан ташқари, қароримизнинг қатъий эмаслиги.
М.П.: Руҳиятимиздаги мана шу ҳолатларни одамларга қандай тушунтиришимиз керак? Очиғи, айримлар ўзининг маънавиятсизлиги ва илмсизлигини ҳам тан олмай қўйишди.
Ф.Т.: Бу ҳолат фақат бизда эмас, жуда кўп жойларда манфаат устунлиги сезилиб қоляпти. Бундай пайтда аждодларимиз тажрибасига мурожаат қилишимиз керак. Улар янги инсон, комил шахсни, энг аввало, оилада, маҳаллада шакллантиришган. Эҳтимол, ота-оналар учун “Одобнома” китобининг оддий вариантларини таклиф қилишимиз керакдир.
М.П.: Самимий жавобларингиз учун ташаккур.
Ф.Т.: Долзарб саволларингиз учун сизга ҳам раҳмат.