Фаррошга салом беринг...

Улар қуёш уфқдан бош кўтармасдан ишга отланишади. Куннинг совуғи, ёзнинг жазирамаси гўё уларга таҳдид қилмаётгандек. Қўлига супургини олиб, кўчаларни тозалайди, чиқиндиларни йиғиштиради. Ишга ҳаммадан барвақт келиб, уйга ҳамммадан кеч қайтади.

Биз ҳикоя қилаётган озодалик посбонлари - ободонлаштириш бошқармаси ходимлари қалбидаги муҳаббат, касбига фидойилик туфайли бу ишларни виждонан бажаради. Улар билан суҳбат қилишга ҳаракат қилдик. Аммо камсуқум, ўз ишининг фидойилари гаплашиб вақт ўтказгандан кўра, ишимни тезроқ битирай, дейдиганлардан экан. Қишнинг изғиринига қарамай, кўча бўйларидаги хазонрезгиларни тозалаб,  атрофни саранжом қилиб қўяди.

- 12 йилдан бери темирйўл атрофидаги ариқларни тозалайман, - дейди Аслам Нуруллаев. - Аёлим билан бирга ишлаймиз. У кўчаларни супуради. Эрта тонгда одамлар ҳали кўчага чиқмасидан тозалаш ишларини бошлаймиз. Эрталаб соат олтидан кеч соат олтигача кўчаларнинг озодалигига масъулмиз. Тозалик остонадан бошланади, дейишади. Вокзал меҳмонларнинг илк бор назари тушадиган остона. Бу ернинг ободлиги бизнинг юзимиз. Афсуски, айримлар тозаловчи кишилар бор-ку, ойлик олиб ётишибди, тозалашади-да, дейишади. Тўғри, бу бизнинг кундалик вазифамиз. Шаҳарга чиқинди қутиларнинг ўрнатилгани бирмунча ишимизни енгиллаштиряпти. Аммо айримлар ёнида чиқинди қутиси туриб, сал берироқга ташлайди. Ахир одамларда ҳам озодалик бўйича маданият шаклланиши лозим-ку. Бизни ранжитаётгани дарахтлар, реклама баннерларининг устунларига қўштирноқ ичидаги тардбиркорлар томонидан рекламаларни илинаётгани. Биз уларни тозалаб чиқамиз, кечаси яна ёпиштириб кетишади. Ахир Самарқанднинг озодалиги учун барчамиз масъулмиз-ку!

Соат 10.00. Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи атрофи. Бир гуруҳ ходимлар чиқинди ташувчи машинага хазонларни ортмоқда.

Қорасув массивида яшовчи фаррош опа Фарида Соатовани суҳбатга тортамиз.

- Поворотдан Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтигача бўлган ҳудудда кўпчилик бизни танийди, - дейди Фарида опа. – 8 йилдан бери шу ҳудудда ишлайман. Бизнинг ишимизни кўпчилик парда ортидан гапиришади. Лекин ҳалол меҳнат қилиб, пул топяпмиз. Рўзғор тебратяпмиз, борига шукур қиляпмиз. Эрта тонгда ҳеч кўча бўйларини кузатганмисиз? Тушдан сўнг ҳамма жойни йиғиштириб, тозалаб кетамиз. Эрталаб эса майсаларда чиқиндилар, бакалашкалар, бекатлар атрофидаги тартибсиз ҳолатни кўрамиз. Одамлар ҳали ишга отланмасдан, шаҳарнинг хунук манзарасини тозалаймиз.

Бугун Самарқанд шаҳрида 1300 нафарга яқин ободонлаштириш ходимлари фаолият юритмоқда. Президентимиз томонидан 2019 йилнинг 4 июнь куни «Аҳоли пунктларини ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига кўра, 2020 йил 1 январдан ободонлаштириш ходимларига бир қатор устамалар тўланади. Жумладан, ободонлаштириш бўлинмалари ходимларига овқатланиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида компенсация белгиланади. Бу ҳам соҳа ходимларига кўрсатилган эътибордир.

- 2019 йилда ободонлаштириш ходимлари ўртача 700 минг сўмдан зиёд ойлик иш ҳақи олган бўлса, 2020 йил январдан овқат пули ва 15 фоизлик устама билан уларнинг ойлиги 1200000 сўмдан ошади, - дейди Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси жамоатчилик билан ишлаш бўлими ходими Шоҳруз Нуруллаев. – Шунингдек, ходимлар байрамларда, ҳар чоракда ҳам моддий рағбатлантирилади. Бугунги кунда бошқарма ходимлари томонидан шаҳарнинг Боғибаланд, Темирйўл, Сиёб, Боғишамол ва Қорасув ҳудудлари ободонлаштирилмоқда. Ишчиларнинг аксарияти Жомбой туманидан. Уларни олиб бориш ва олиб келиш учун автобус ташкил этилган. Бу йил Германия давлатидан 7 та супуриш-сидириш ва бетон қопламаларини тозалаш махсус техникасини ҳамда йўлларга чизиқлар чизиш учун Россиядан 2 та техника олиб келдик. Ҳозирда 100 дан ортиқ махсус техникалар ободонлаштириш ишларида фойдаланиляпти. 2020 йилда махсус техникаларимиз сонини 158 тага етказиш режалаштирилган. Бу ҳам ходимларнинг меҳнатини енгил қилишда муҳим аҳамият касб этади. Ободонлаштириш ходимлари билан суҳбатлашиб, уларнинг бир кунлик меҳнати қанчалик оғир эканлигига гувоҳ бўлдик. Қишнинг изғирин кунида ҳам кўчаларни супуришдан, хазонларни тозалашдан чарчамаган опаларимизнинг фидойилиги таҳсинга сазовор. Аслида шаҳримизни тоза ва озода сақлаш барчамизнинг бурчимиз. Аммо кечки пайт бекатдаги манзарани кўриб, бу бурчни унутаётганлар ҳамда мунис опажонлар меҳнатини қадрламаётганлар кўплигига ачиндим.

Қаранг, тонг саҳарда бир аёл кўча супураяпти, сизнинг йўлингизни тозалаяпти. Тўхтанг, унга салом беринг, иложи бўлса, «Ҳорманг опа», деб қўйинг.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.