Биз учун кўчада бўлганлар меҳнатини қадрлаяпмизми?

Уйимиз катта йўлга яқинлиги учун одатда эрта уйғониш учун соат керак эмасди. Негаки, машиналарнинг тез-тез ўтиши, гоҳида баланд сигнали эрта уйғонишимизга сабаб бўларди. Бугун барчаси бошқача. Эрта туриб деразадан атрофни кузатдим. Деярли ҳеч ким кўринмайди. Бир-икки киши кундалик эҳтиёж туфайли дорихона ва мини-маркетга келиб кетар. Барчанинг юзларида ниқоб. Онда-сонда машиналар йўлдан ўтмоқда...

Фақат бир касб эгалари, тўғрироғи фидойиларгина кўринади. Улар атрофни тозалаш, кўчаларни супуриш билан андармон. Секин уларнинг қўлларига назар ташлайман. Аксарият улар йиғаётган нарсалар - тиббий қўлқоп ва ниқоблар. Олдин ҳам суҳбатлашганим, уларнинг муаммолари билан таниш бўлганим учун бир-биримизни қўллашимиз, бир-биримизни асрашимиз керак бўлган дамда уларнинг меҳнатига лоқайдлигимизга кўз юмиб тура олмадим. Ахир улар кимнидир онаси, опаси. Улар ҳам уйда ўтириши мумкин эди. Аммо сиз-у бизнинг, фарзандларимизнинг саломатлиги, соғлиги учун, кўчаларнинг ободлиги учун меҳнат қилмоқда. 

Биз-чи? Бунга муносиб жавоб бераяпмизми? Қўлимиздан ечиб ташлаётган вирусларнинг ўчоғи бўлган қўлқопларни, бошқа чиқиндиларни жамоат жойларига ташлаётганда, кўз олдингизга уларнинг саломатлиги ҳам келсин. Бир шиор остида барчамиз ҳаракат қилаётган бир вақтда келинг уларнинг меҳнатини ҳам унутмайлик. Кўчада юрганда жамоат жойларини озода сақлашга биз ҳам ҳисса қўшайлик. Синовли кунларда бир-биримизнинг меҳнатимизни қадрлайлик.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.