Фарзандингиз тунда қаерда эканидан хабардор бўлинг
Пайшанба - профилактика куни муносабати билан вилоят ИИБ ҳуқуқбузарлик профилактикаси бошқармаси, Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази, Самарқанд шаҳар ИИБ вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш гуруҳ инспектор-психологлари, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ходимлари билан биргаликда тунги вақтларда вояга етмаганларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар назоратисиз турли жамоат жойлари (тунги бар, интернет клублар, кафелар)да бўлишларининг олдини олишга қаратилган “Тунги назорат" тадбирлари ўтказилди.
Олиб борилган ўрганишлар давомида бир неча вояга етмаган ёшларнинг тунги вақтда интернет ва тунги клубларда мақсадсиз юриш ҳолатлари аниқланди ва ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. 3 нафар вояга етмаган аниқланиб, мослашув марказига олиб келинди.
Ушбу вояга етмаганлар орасида бошқа туманлардан, ҳаттоки бошқа вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Самарқандга келиб ватқини мақсадсиз ўтказаётган мактаб ўқувчиларининг ҳам борлиги ачинарли.
Шу ўринда ушбу ёшларнинг, аввало, ота-оналарига фарзандининг таълим олиши ва тарбиясига эътиборли бўлишлари лозимлигини, тунда ким билан нима юмуш бажариб юрганлигини назоратга олиши зарурлигини, шунингдек, таълим муассасасаларининг раҳбар масъулларига, маҳалла профилактика инспекторлари ва ёшлар етакчиларига, аввало, сурункали дарс машғулотларида иштирок этмаётган, юриш-туришида ўзгариш сезилган ёшлар билан тизимли ишлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасидаги амалий ишлар кўламини кенгайтириш лозимлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Шу каби назорат тадбирлари давом этмоқда.
Ғофир Бобобеков.