Фарзандларим мерос талашмасин десангиз

Мeрос мол-мулкнинг, айниқса, уй-жойнинг оиладаги кенжа ўғилга қолиши ўзбeк халқида одат тусига кирган. Аммо...

Аммо баъзи ноқобил фарзандлар бунга қаноат қилмай, мулк талашиш оқибатида юз кўрмас бўлиб кетяпти, ҳатто бу жараён фожиа билан тугаяпти.

Яқинда олтмишга ҳам кирмаган яхши бир таниш инсонни тупроққа қўйдик. Юраги хуруж қилибди.

- Отанг касал эмасдилар-ку, нима бўлди? - сўрадим марҳумнинг ўғлидан.

Таъкидлашича, марҳум кўзи очиқлигида фарзандларига ҳовлисини бўлиб берган ва тўнғич ўғлига машина, уй қуриб берган, кенжасини эса ёнида олиб қолган. Бироқ маълум муддат ўтгач, тўнғич фарзанд укаси билан мерос масаласида "менга кам, сенга кўп" қабилида ўзаро жанжаллашиб, бир-бирига қўл кўтаришгача борган. Уларни ажратиш учун ўртага тушган отанинг эса юраги хуруж қилиб, ҳаётдан кўз юмган.

Ҳар бир инсон ўзидан қолдирган мероси бўйича ана шундай низо келиб чиқишини, яқинлари, фарзандлари ўртасида адоват бўлишини истамайди. Шунинг учун ҳам одам кўзи очиқлигида нотариал идора орқали меросни тақсимлаб бергани маъқул. Балки бу ҳолат бизга “ўгай” кўриниб, дилимизга ғашлик солар, аммо бу ота-она ҳаётлигида ёки вафот этгандан кейин мерос талашиб, урушгандан, яқинлар ўлимига сабабчи бўлгандан кўра яхшироқ эмасми?

Қаҳрамон Намозов.