Фермер цемент заводи қуради
Ана шундай имкониятлардан фойдаланиш мақсадида ўтган йил қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳудудий дастурига кўра, умумий қиймати 338,6 миллиард сўмлик 108 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 2 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
Ҳозирги кунда вилоятда 600 дан зиёд қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхонаси фаолият кўрсатмоқда ва улар томонидан 62 турдаги маҳсулот тайёрланмоқда. Бироқ бу миқдор талаб ва эҳтиёж учун ҳозирча етарли эмас. Замонавий уй-жойлар, янги-янги қувватларнинг қурилиб, ишга туширилиши соҳани янги босқичга кўтаришни тақозо қилмоқда.
Ургут туманидаги "Севозсой", Қўшработ туманидаги "Зарбанд", Нуробод туманидаги "Жом" карьерлари мармар ва гранит тошлари захирасига бой хомашёга эга бўлиб, улар вилоятнинг турли жойларидаги корхоналарда қайта ишланмоқда. Шунингдек, бугунги кунда сифатли цементга бўлган талаб ҳам тобора ортиб боряпти. Шу боис 2018-2019 йилларда вилоятимизда умумий қиймати 1 миллиард АҚШ долларига тенг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш белгиланган. Жумладан, Нуробод туманида туркиялик сармоядорлар билан ҳамкорликда Германия технологияси асосида янги деворбоп қурилиш материали бўлган газблок ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Унинг лойиҳа қиймати 25 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, у нафақат вилоятда, балки республикада шу турдаги маҳсулот миқдорини кўпайтириш, унга сарфланган сарф-харажатларни арзонлаштириш имконини беради.
"Ургут" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида фаолият олиб бораётган "Мароқандкабель инвест" масъулияти чекланган жамиятида ҳозирги кунда 100 турдан зиёд турли ҳажмдаги изоляцияланган кабель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада мамлакатимиз қурилиш саноатини сифатли ва арзон материаллар билан таъминлаш мақсадида қиймати 4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ва бир кеча-кундузда 500-600 тонна цемент ишлаб чиқариш имкониятига эга янги лойиҳа ишга туширилиши арафасида.
– Ҳозирги кунда бу ерда Европа давлатлари ҳамда Хитой технологиялари асосида яратилган заводни ўрнатиш бўйича монтаж ишлари жадал олиб борилмоқда, – дейди корхона раҳбари Фарҳод Ҳайдаров. – Мажмуа ишга туширилгач, маҳсулотимизни ҳам ички, ҳам хориж бозорларида сотишни режалаштирганмиз.
Бундан ташқари, Самарқанд туманидаги "Истиқлол шуъласи" кўп тармоқли фермер хўжалиги қошида йилига 1 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш имконига эга завод барпо этилмоқда.
Ҳа, вилоятимизда мавжуд хомашё ресурслари имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғига замонавий технологияларни жорий этиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашга кенг йўл очиши шубҳасиз.
Адҳам ҲАЙИТОВ,
Лутфулла ШОМУРОДОВ.