Фермерлар совуқ ҳаво туфайли ҳосилнинг 80 фоизини йўқотиши мумкин

Ўзбекистонда январь ойининг охиридан февраль ойининг бошигача кузатилган илиқ об-ҳавонинг кескин совиб кетиши фермерлар ҳосилининг бир қисмини йўқотишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда «EastFruit» таҳлилчилари хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳаво илиқ бўлган пайтларда мамлакат бўйлаб аксарият мевали дарахтлар гуллаган. Аммо ҳавонинг кескин ўзгариши ва -12 даражагача тушиши вазиятни ўзгартириб юборган. Марказий Осиёнинг деярли барча минтақаларида картошка ва пиёз каби экинлар ҳам таҳлика остида қолган.

Таъкидланишича, «EastFruit» таҳлилчилари Фарғона водийси, Бухоро, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари фермерлари ўртасида сўров ўтказган. Жараён давомида фермерлар кескин совуқ тушиши ҳосилнинг 30 фоизидан 80 фоизигача йўқ бўлиб кетиши мумкинлигини айтган. Хусусан, келажакда бодом ҳосилининг 55-60 фоизи, аллақачон гуллаган ўрик навларининг 70-80 фоизи, ўрикнинг ҳали гулламаган бошқа навларининг 30-35 фоизи, шунингдек, олхўрининг 35-40 фоизи хавф остида.

Қайд этилишича, юқоридаги ҳудудлар Ўзбекистоннинг 70 фоизини ҳосил билан таъминлайди.

Ўз навбатида фермерлар дарахтларни кескин ҳарорат ўзгаришидан ҳимоя қилишнинг эски анъанавий усулидан фойдаланиш ниятида. Бунда гўнг ва пичан аралашмаси тайёрланиб, боғ бўйлаб жойлаштирилади ва ёқиб юборилади. Натижада пайдо бўлган қуюқ тутун боғни ўраб олади ва шу билан дарахтларни «нолдан паст» ҳароратдан ҳимоя қилишга ёрдам беради.