Фестиваль-2021: Ёшлар фермерлик, тадбиркорлик ҳамда шахмат-шашка бўйича беллашдилар

Бугун Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида «Ёшлар фестивали- 2021» доирасида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди. 

Филиал қошидаги «Фермерлар мактаби» билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ёш фермер ва тадбиркорлар» лойиҳасида олий таълим муассасалари талабалари ўзига хос кўрик-танловда иштирок этди. Унга кўра, талабгорлар ҳайъат аъзоларига ўз бизнес лойиҳаларини ўзбек ва чет тилида баён этди.

Кўрик-танловда 1-ўринни ТДАУ Самарқанд филиали талабаси Темур Мехлиев эгаллади. 2-ўрин Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали талабаси Парвиз Қувондиқов ва ТДАУ Самарқанд филиали талабаси Маҳлиё Шарофбоевага насиб этди. ТАТУ Самарқанд филиали талабаси Маҳлиё Аҳатова ҳамда Самарқанд ветеринария медицинаси институти талабаси Азиза Ўролова 3-ўрин соҳибалари бўлди. 

Танлов ғолиблари диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди.

***

Фестиваль доирасида филиалда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида шахмат ва шашка кўрик-танлови ҳам бўлиб ўтди. 

Мусобақада вилоятдаги барча олий таълим муассасаларидан талабгорлар қатнашди. Натижаларга кўра, шахмат бўйича қизлар ўртасида СамДУ талабаси Зебо Усмонова, ўғил болалар ўртасида СамДАҚИ талабаси Темур Шерназаров 1-ўринни эгаллади.

Шашка бўйича қизлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада СамДУ талабаси Замира Усмонова, ўғил болалар ўртасида шу университет талабаси Файзулло Мардиев 1-ўринни қўлга киритди.