Фестиваль олис қишлоқлардан истеъдодларни излаб топяпти
“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остидаги фестиваль бугун Нуробод туманида давом этмоқда.
Тадбирларда туманнинг барча маҳаллаларидан ёшлар вакиллари иштирок этяпти. Нурободнинг олис ҳудуди - Аработада яшовчи ёшлар икки йилдирки фестивалда фаол.
- Маҳалламиз ёшлари “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг биринчи мавсумида енгил атлетика бўйича ўтказилган мусобақанинг республика босқичида 27-30 ёш тоифасида 3-ўринни эгаллади, - дейди ёшлар етакчиси Орзубек Файзуллаев. – Натижада ҳудудимизда 200 миллион сўм маблағ эвазига спорт майдончаси барпо этилди. Иккинчи мавсумда эса маҳалладошимиз Элдорбек Эшмаматов республика паралимпиада мусобақаларининг стол тенниси йўналишида учинчи ўрин соҳиби бўлди. Яқинда ўтказилган учинчи мавсумда ҳам енгил атлетика бўйича маҳалламиз ёшлари республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Бу гал бир эмас, икки гуруҳ, яъни 22-26 ёш, 27-30 ёш тоифасида ҳаваскор спортчи ёшлар вилоятимиз шаънини ҳимоя қилади.
Эрта тонгда юриш марафони, спорт ўйинлари, мусобақалар билан бошланган тадбирлар маданий-маърифий кечалар, давра суҳбатлари, кўргазмалар ва турли танловларга уланиб кетди.
Сўғдиёна МУСУЛМОНОВА,
Фарангиз САЙФУЛЛАЕВА.