Фирибгарликни касб қилган шахснинг бир нечта жиноятни содир этгани аниқланди

2019 йил июнь ойининг охирларида 26 ёшли Ф.С. Тошкент шаҳар Яшнобод туманида 43 ёшли Н.Х. ни алдаб, унинг ишончига кириб, тумандан бир хонали уй олиб беришни ваъда қилиб, ундан 47.500.000 сўм пулларни қўлга киритган. Аммо берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Шунингдек, Ф.С. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 28 ёшли А.К.нинг ишончига кириб, унга эгасиз, лекин техник ҳужжати мавжуд бўлмаган “Cobalt” русумли транспорт воситасини 4.000 АҚШ доллари эвазига олиб бериш ва номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. 2020 йил 12 январдан 15 февралга қадар бўлган вақт оралиғида А.К.дан жами 33.205.000 сўм ва 700 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни қўлга киритган ва ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Бундан ташқари, Ф.С. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2020 йил январь ойи давомида А.К.га ўзини давлат нотариал идорасида прокуратура ва ЙҲХБ идораларида ишловчи мансабдор танишлари орқали “Cobalt” русумли транспорт воситасининг ҳужжатларини унинг номига ўтказишни ижобий ҳал қилиб беришини айтиб, уни пора беришликка оғдириб, А.К.дан жами 21.595.000 сўм миқдоридаги пулларни ва чиройли давлат рақамини расмийлаштириб беришини ваъда қилиб, 6.460.000 сўм миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган ва ўзининг эҳтиёжларига сарфлаган.

Бундан кифояланмаган Ф.С. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2020 йил февраль ойида А.К.га “УАЗ Патриот” русумли транспорт воситасини совға қилишини ваъда қилиб, эвазига 700 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни бериши кераклигини маълум қилган ҳамда А.К.дан 700 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани бўйича ИИО ФМБ 2-ИИБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Ф.С. ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а” банди, 168-моддаси 3-қисми ва 28-221-модда 2-қисми билан айб эълон қилиниб, Ф.С. етказган моддий зарарини тергов жаранёнида қоплаганлиги сабабли унга нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши айблов хулосаси билан тегишли судловга юборилиши масаласини ҳал қилиш учун туман прокуратурасига юборилган.

Ҳурматли фуқаролар фирибгарлар тўрига тушиб қолманг, арзон автомашина ёки уй олиш ниятида йиллаб ҳалол йиққан пулларингизни алдовларга учиб, ўз қўлингиз билан фирибгарлар қўлига топшириб қўйманг. Қонунга хилоф равишда қинғир йўллар билан нисбатан арзон мулкка эгалик қиламан, деб фирибгарлардан жабрланиб қолманг, дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов депратаменти ахборотида.