Физик олимлар ҳаёти билан боғлиқ қизиқарли воқеалар

Машҳур физик Пётр Капица бир гуруҳ ҳамкасблари билан Қора денгизга дам олиш учун борганини ҳикоя қилади. Гуруҳда ҳамма фан докторлари эди.

Қирғоққа боришда йўл-йўлакай пластик қопқоқли бир неча шиша вино сотиб олишади. Қопқоқни фақат пичоқ билан очиш мумкин эди. Бироқ физикларнинг бирортасида пичоқ йўқ.
Нима қилиш керак? Ҳайрон бўлиб туришганида кимнингдир кўзи ширакайф кишига тушди.
- Кечирасиз, сизда шишани очадиган бирор нарса йўқми?
- Шу ҳам муаммоми? Ҳозир очамиз-да. Гугурт борми?
Ширакайф киши гугуртни чақиб, шиша қопқоғини қизитди. Бироздан сўнг қизиб юмшаган қопқоқ осонгина очилди.
- Марҳамат, - у шишани олимларга узатди ва қўшиб қўйди. - “Мактабда физикани яхши ўқиш керак эди, биродарлар!..”.

***

Атом квант назариясини яратган Нильс Бор буюк физиккина эмас, моҳир спортчи ҳам эди. Жуда кўп ютуқларини у футболда қўлга киритганди.

Ёшлигида ҳатто кўп марта Дания терма жамоасида тўп сурган. Турган гап, Копенгагенда Борнни машҳур физиклигидан кўра яхши футболчи сифатида билишарди. Шу боис 1922 йилда Дания газетаси ўқувчиларига шундай хабар етказди: "Ҳурматли ишқибозлар, севимли футболчимиз Нильс Борга Нобель мукофоти берилди".
***
Кибернетика отаси Норберт Винер паришонхотирлиги билан ном қозонганди.

Бир куни оиласи янги манзилга кўчиб келишганида хотини ишдан қайтганда адашиб кетмасин, деб қоғозчага янги манзилни ёзиб унинг чўнтагига солиб қўйди. Йўлда унинг калласига ажойиб ғоя келиб қолди. Эсдан чиқмасин деб чўнтагидан янги квартираси манзили ёзилган қоғоз орқасига формулани ёзиб қўйди. Бироздан кейин ғоя нотўғри эканлигини билиб, қоғозчани ташлаб юборди.
Кечқурун ҳеч нарса бўлмагандай эски манзилига йўл олди. Бу ерда ҳеч ким яшамаётганини билгач, саросимада кўчага чиқди. Сал нарида турган қизга яқин бориб сўради:
- Кечирасиз, эҳтимол мени эсласангиз керак, Профессор Винерман. Яқинда оилам бу ердан кўчиб кетганди, мабодо билмайсизми, қаерга кўчишди экан?
- Ҳа, биламан, дада! Ойим манзилни унутиб қўйишингизни билган экан. Сизни кутиб олишим учун юборганди, - деди қизи.

Т.Шомуродов тайёрлади.