Фолбинлик кофирлик аломатларидандир

Фолбинлик бу – келажакдан, ғайбдан хабар беришдир. Ғайб илми Аллоҳга хос бўлганлиги учун уни даъво қилиш – исломдаги гуноҳи кабиралардан биридир. Сеҳр ва фолбинликнинг ҳар бири гуноҳ жиҳатидан бир-биридан кам бўлмаганлиги учун ҳар иккиси ҳақида бир ҳадиси шарифда умумлаштириб келтирилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Кимда-ким сеҳр-жоду қилувчи ёки фол очувчига бориб, унинг айтаётган гапларига ишонса, Муҳаммадга нозил қилинган (ислом дини)га куфр келтирибди” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Фолбинлар кўпроқ келажакда рўй берадиган ишларни билишларини даъво қиладилар. Бу эса, шариат ҳукми бўйича, динни тарк этиш ҳисобланади. Чунки ғайбни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Ким уни билишни даъво қилса, диндан чиққан бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас...” деб марҳамат қилган (Анъом сураси 59-оят).

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу “Фолбин – сеҳргардир, сеҳргарлик эса кофирлик аломатларидандир,” деганлар.

Юқоридаги оят ва ҳадиси шарифлардан маълум бўлишича, сеҳр-жоду, башоратчилик ва бошқа иссиқ-совуқ қилиш каби ишлар шариатимизда қаттиқ қораланган. Ҳаттоки айрим ҳадиси шарифларда келтирилишича, ушбу ишлар ҳалокатга олиб борувчи амаллардан экан. Шунинг учун бу ишларни ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди.

Афсуски, бугун ҳам фолбинларнинг жамият ва оилалар тинчлигига раҳна солаётгани ҳеч кимга сир эмас. Турли “дуохон”, азайимхон ва улар каби бошқа шахслар ҳузурига бориб, ҳам вақтини, ҳам нақдини сарфлаш билан бирга Яратганга осий бўлаётган юртдошларимиз ҳали-ҳануз учраб турибди. Уларнинг орасида фарзандларимизнинг тарбиясида ўринлари катта бўлган аёлларнинг кўплиги ташвишимизни яна ҳам орттиради. Жамиятда юз берадиган ажралишларнинг катта қисмига айнан шулар сабабчи бўлади, десак, хато қилмаймиз.

Айнан фолбинлар сабаб эр-хотинлар ўртаси бузилиб кетаётгани каби, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар муносабатлари ҳам ёмонлашамоқда. Инсон бошига тушган кулфат, мусибат ёки ўзига етган хасталик сабаб фолбинлар ҳузурига боради. Улар эса бу ишларни овсинингиз, қўшнингиз ёки фалончи сизга қарши ўқитгани, иситма-совутма қилгани сабаб бўлди, деб ўзларини топқир қилиб кўрсатади. Натижада қариндош ва маҳалладошлар орасига совуқчилик тушади. Бу борада динимиз кўрсатмаларига амал қилсак имонимиз мукаммал ва Аллоҳнинг олдида юзимиз ёруғ бўлади. Чунки Парвардигори олам сиз-у бизларни бу дунёда ака-ука ва аҳил-дўст бўлиб яшашга буюргандир.

Ҳозирги пайтда фол очишнинг турлари сон-саноқсиз бўлиб кетди. Карта билан, қушларга хат торттириш билан, қўлнинг кафтига қараб, суратга қараб ва ҳоказо. Юқорида айтилгандек, буларнинг ҳаммаси – куфр ишлардир.

Мусулмон киши сеҳр-жоду қилувчилар, фолбинлар, азайимхон ва “дуохон”ларга бормаслиги ва ишонмаслиги кераклигидан ташқари, уларни ҳузурига етаклаши мумкин бўлган шумланишдан ҳам сақланишлари лозим бўлар экан.

Аллоҳ таоло барчаларимизни сеҳр-жоду, ирим-сирим ва бошқа гуноҳлардан саломат қилиб, жамиятимиз ва ундаги оилаларни аҳил-иноқ бўлиб яшашга тавфиқ ато этсин!

  Зайниддин Эшонқулов,

  Самарқанд вилояти бош имом-хатиби