Фойдаланилмаган 7 йиллик меҳнат таътили: Ҳуқуқбузарлик фош этилди

Кейинги пайтларда меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар жамоатчилик эътиборини тортмоқда. Ана шундай ҳолатлардан бири Самарқанд шаҳридаги 26-умумий ўрта таълим мактабида кузатилган.

Ушбу муассасада меҳнат фаолиятини амалга ошириб келган Фаррух Сатторов билан 2025 йил 17 февралда икки томонлама келишувга асосан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Ўрганишларда бу жараёнда ходимга фақат 2024-2025 йиллар ҳисобидан 896 417 сўм миқдорида пулли компенсация ҳисобланган, қолган — 2018 йилдан буён фойдаланилмаган таътиллар эса эътибордан четда қолдирилгани маълум бўлди.

Яъни, собиқ ходим 7 йил мобайнида меҳнат таътилидан фойдаланмаган ва унга тўланиши лозим бўлган компенсация пуллари "уриб" қолинган.
Самарқанд шаҳар адлия бўлими мурожаатни ўрганган ҳолда ҳолатда қонун бузилиши мавжуд эканини аниқлади. Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, ходим фойдаланмаган меҳнат таътили учун пулли компенсацияни олиш ҳуқуқига эга ва бундай компенсацияни ҳисоблаб бериш мажбурияти иш берувчи зиммасидадир.

Адлия бўлими томонидан Самарқанд шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига расмий тақдимнома киритилди. Унда нафақат ушбу қарзни тўлаш, балки ҳолатга йўл қўйган масъул шахсларни аниқлаб, уларни интизомий жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликлар сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш талаб этилди.
Бу воқелик меҳнат соҳасидаги ҳар бир ҳуқуқнинг қанчалик муҳим эканини яна бир бор тасдиқлайди. Ходимларнинг меҳнатга оид қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш эса фақат давлат органларининг эмас, балки ҳар бир раҳбар ва иш берувчининг ҳам зиммасидаги масъулиятдир.

Диёрбек Муродқулов,
Самарқанд шаҳар адлия бўлими ходими.