Фойдаланилмаган табиий газ учун олинган пуллар эгаларига қайтариб берилади

Жорий йил 12 март куни Zarnews.uz сайтида “Хосаликлар нега берилмаган табиий газ учун пул тўлади?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мазкур мақолада кўтарилган масала юзасидан “Payariqtumаngaz” газ таъминоти бўлими мутахассислари жойида ўрганиш олиб борди.

Ҳақиқатан ҳам Пайариқ тумани Хоса маҳалласи хонадонларида қатор йиллар давомида табиий газ таъминотида узилишлар кузатилган. Табиий газ етказиб беришнинг техник имконияти бўлмаганлиги сабабли мазкур маҳалла вилоят ҳокимининг 2015 йил 11 июлдаги 147-сонли қарори ҳамда Пайариқ тумани ҳокимининг 2015 йил 3 августдаги 992-сонли қарорларига асосан, табиий газ танқислиги сезилган ҳудудлар рўйхатига киритилиб, суюлтирилган газга мослаштирилган.

Бироқ аҳоли мурожаатларидан сўнг, 2019 йил ноябрь ойида Хоса маҳалласидаги 40 га яқин хонадон қўшни ҳудуддаги газ тақсимлаш нуқтасига уланиб, табиий газ таъминоти йўлга қўйилган.

Мазкур хонадонлар табиий газ тақсимлаш пунктининг охирги нуқтасида жойлашганлиги сабабли шу йил куз-қиш мавсумида табиий газ етказиб беришда муаммолар кузатилди. Туман газ таъминоти идораси мутахассислари томонидан табиий газ танқислиги бўлаётганлиги сабабли эндиликда ҳудуддаги барча хонадонлар суюлтирилган газ билан таъминлашга ўтказилиши ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди. Маҳалладаги 40 га яқин истеъмолчилар жорий йилнинг 30 мартидан бошлаб табиий газ таъминотидан узилган ва 100 фоиз суюлтирилган газга ўтказилган.

2020 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида маҳалланинг 3 нафар фуқароси - И.Қўзибеков, О.Сулаймонов, А.Қосимовларнинг ҳар бири табиий газ учун тўлаган 380 000 сўмдан пуллари ўзларининг дебитор қарздорлигини ёпиш учун қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Ҳозирда “BillingGaz” дастурида истеъмолчилар И.Қўзибековнинг 122 860 сўм, О.Сулаймоновнинг 164 780 сўм, А.Қосимовнинг 272 460 сўм ҳамда Қ.Сатторовнинг 154 353 сўм миыдоридаги олдиндан тўловлари мавжуд.

Ушбу истеъмолчиларнинг олдиндан тўловлари ҳисоб-китоб қилиниб, эгаларига қайтариб берилади.

“Нududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.