Қўшработ туманида табиий газдан қарийб 100 миллион сўмлик ассоссиз қарздорлик бекор қилинди

Муаммо адлия аралашуви билан ҳал этилган.

Аниқланишича, “Qo`shrabot tuman gaz” таъминоти бўлими томонидан “Sangzor mo`jizasi” хусусий корхонасига газдан ноқонуний фойдаланиб келганлиги важи билан 99 459 360 сўм миқдорида асоссиз қарздорлик ҳисобланган.

Яъни, истеъмолчи рухсатсиз фойдаланилган газ ҳажмлари қиймати корхона давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб газ ускунасининг сутканинг 24 соатида тўлиқ қувват билан ишлаши ва қувурнинг ўтказиш имконияти ҳисобидан келиб чиққан ҳолда 499 кун ҳисобланиб, ортиқча сумма корхона бўйнига қўйилган.

Истеъмолчининг эътирозига асосан, 2022 йилнинг 16 июнь санасида газ таъминоти  ходимлари жойига чиқиб қайта хатловдан ўтказиб, далолатнома расмийлаштирган ҳамда ўша йилнинг 30 июнь куни “Hududgaz Samarqand” МЧЖ газ таъминоти филиали  мутахассиси А.Ҳ. томонидан газ ҳажмлари қайтадан тўғриланиб, ҳисоб-китоб қилинган.

Бундан кўринадики, қарийб 100 миллион сўмлик қарздорлик истеъмолчига асоссиз “илинтирилган”.

Корхона раҳбари Т.Тоғаева Қўшработ тумани адлия бўлимига адолат истаб мурожаат қилгач, ҳолат ўрганилиб, қайд қилинган қарздорликни бекор қилиш юзасидан Иштихон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.

Суд ишни аниқланган ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118,176-179 ва 186-моддаларига асосланиб, даъвогар “Sangzor mo`jizasi” хусусий корхонасининг манфаатида берилган даъво аризасини тўлиқ қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилди. Қарор билан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ зиммасига асоссиз ҳисобланган 99 459 360 сўм қарздорликни  ҳисобдан  чиқариш  мажбуриятини юклади.

Д.Убайдуллаев,

Қўшработ туман адлия бўлими бошлиғи.