Фозил Йўлдош изидан
Бугун ҳам туманда шоир Фозил Йўлдош издошлари борми? Достончилик анъаналари давом этяптими?
– Туманимизда бахшилик санъатига қизиқувчи ёшлар кўп, – дейди туман маданият бўлими мудири Алижон Исоқов. – Улар Булунғур достончилик мактаби анъаналарини давом эттириб келмоқда. Жумладан, "Чавқи" фольклор-этнографик халқ жамоаси аъзолари Фозил Йўлдош ижодий меросидаги терма ва достонлардан унумли фойдаланиб, ўз репертуарини бойитиб келмоқда.
Туманда миллий санъатимизга қизиқувчи ёш иқтидорларни топиш, уларни рағбатлантириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда "Ёш талантларни излаймиз" кўрик-танлови ўтказилади. Унда ёшлар рақс, фольклор, бахшичилик, достончилик, миллий созлар ижроси каби йўналишлар бўйича ўз маҳоратини кўрсатади. Бу йилги танловда Шерқўзи Норбековнинг бахшилик бўйича иқтидори кашф этилди. Айни пайтда у Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Сувонқул Абдуқодиров раҳбарлигида Фозил Йўлдош куйлаган достонларни ўрганмоқда.
– Бу санъатга қизиқиш отам Суюнбой бахшидан ўтган, – дейди Ш.Норбеков. – Ўн ёшимда қўлимга дўмбира олдим. Айни пайтда "Рустамхон", "Алпомиш", "Кунларим" достонларини куйга солишни ўрганяпман. Вилоятимизда ўтказилаётган тадбирлар, тўйларда достон ва ўзим ёзган термалардан парчалар айтиб, халқ орасида бироз унутилган миллий қадриятни кенг тарғиб қилишга оз бўлса-да, ҳисса қўшишга интиляпман.
Раббим ҲОТАМОВ.