Франция ва БАА компаниялари Самарқандда замонавий кўприк, ерости йўлаклари ва кўркам автомобиль йўли қуриш бўйича лойиҳаларини тақдим этди

Ушбу лойиҳалар тақдимотига бағишланган тадбир Самарқанд вилояти қурилиш бошқармасида ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.

2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига тайёргарлик доирасида амалга оширилиши кўзланаётган ушбу йирик лойиҳа кўҳна кент кўркамлиги, инфратузилмаси сифатини таъминлайди. Аммо бу лойиҳани такомиллаштириш, уни амалга оширишда ҳар бир объект, ер усти ва ер ости коммуникация тармоқлари, уларнинг бугунги жойлашуви, эртанги ҳолати қандай бўлиши ҳисобга олиниши лозим. Тақдимотда шулар ҳақида гап борди.

- Ушбу лойиҳада Самарқанд шаҳрининг Гагарин кўчасидаги 11,8 километр, Амир Темур кўчасидаги 2,3 километр йўл ва унинг атрофи тўлиқ кўркамлаштирилиши акс этган, - дейди “ССС” компаниясининг Самарқанддаги лойиҳаси менежери Незар Атия. – Бунинг учун амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ўрганиб чиқилди, лойиҳалар тузилди. Бугун бажариладиган ишлар ва икки йилдан кейин, яъни лойиҳа амалга ошгач, ушбу кўчалар қандай кўриниш ҳосил қилиши бўйича маҳаллий мутахассисларга тақдимот ташкил қилдик.

Тадбирда вилоят ҳокими лойиҳа бўйича ўз таклифларини билдирди. Жумладан, йўллар, кўприклар ва ерости йўлакларини қуришда шаҳарсозлик талабларига, йўл атрофидаги иморатларни бузиш ёки тартибга келтиришда қонунчиликка амал қилиш зарурлигини таъкидлади.

Тадбир якунида Э.Турдимов вилоят қурилиш бошқармаси жойлашган бино ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Самарқанд шаҳар қурилиш бўлимини ҳам шу ерга кўчириш, шаҳарда архитектура ва қурилиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар ечимини ҳамкорликда ҳал этиш зарурлигини билдирди.