Фронтдан мактуб: “Ҳамма расмларимни ойна орқасидаги рамкага ёпиштириб қўйинг. Мени отиб ўлдирсалар сизларга эсдалик бўлади”

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси шахсий ҳужжатлар жамланмаси 9511 минг сақлов бирлигидан иборат бўлиб, унда Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ ашёлар сақланади. Ҳужжатлар орасида ўша давр ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи фронт аскарларининг мактублари ҳам бор.

Хатлар фронтда жанг қилаётганлар ва уларни ўз ватанига, уйига қайтишини кутаётганларни боғлаб турувчи ягона алоқа воситаси эди. Баъзи ҳолларда мактублар бор-йўғи икки қатордан иборат бўлиб,  ана шу икки қатор хатни кутаётганлар учун ғоятда қадрли бўлган. Шундай мактублар ҳозир ҳам кўпгина оилаларда асраб келинади. Мактублар кўпгина китоблар ва архив ҳужжатлари қатори Иккинчи жаҳон уруши ҳақида ҳикоя қилади.

Уруш йилларида барча нарсалар қатори қоғоз ҳам танқис эди. Шунинг учун аскарлар “иккиси бирда” имкониятини синаб кўришга мажбур бўлишган. Яъни, мактуб битилган варақ бир вақтнинг ўзида конверт вазифасини ҳам ўтаган. Дастлаб мактуб битишган, сўнгра уни учбурчак шаклга келтириб, манзилни ёзишган. Ҳамма ёзишмалар НКВДнинг цензурачилари томонидан текширилган. Бундай “учбурчак”ни барча оилалар сабрсизлик билан кутишган - демак қадрли инсони тирик!

Агар почтачи қайси уйга машинкада терилган оқ конвертга солинган мактуб олиб келса ўша уйга мактуб билан бирга қайғу кириб келарди. Чунки ушбу мактуб расмий бланка бўлиб, унда “қаҳрамонларча ҳалок бўлди”, “изсиз йўқолди”, “жасоратли ўлим топди” жумлалари битилган бўларди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Расул Усмоновнинг шахсий ҳужжатлари музейга 1979 йилда Тошпўлат Усмонов томонидан топширилган. Ушбу ҳужжатларга кўра, Самарқанд шаҳрида туғилган Расул Иккинчи жаҳон уруши йилларида Украинанинг Львов вилояти Глин туманида талончиликка (бандитизм) қарши курашда ҳудудий ваколатли вакил бўлган. У 1945 йил 6 августда Глинян қишлоғида талончиларни ушлаш вақтида ҳалок бўлган. Қишлоқ марказидаги биродарлик қабристонига дафн этилган. У ўзининг 1944-1945 йилларда битилган мактубларини асосан ота-онаси ва қариндошларига йўллаган.

Ушбу мақолада ўз ватанига, оиласига қайтиш насиб этмаган, уйланиб, бола-чақали бўлиш ўзи учун ҳам, яқинлари учун ҳам армон бўлиб қолган Расул Усмоновнинг хатини эълон қилишга жазм этдик. Мактуб стилистикаси ва тили сақланган ҳолда эълон қилинмоқда.

“УзССР

г. Самарканд

район Сиабский

ул. Мубарак дом №35

Азимову Усману

От Усманова Расуля.

Соғинчлик салом

Узоқ юртларда, мусофир ўғлингиздан қимматли салом. Мени аҳволим ҳозирча яхши. Димоғим чоғдир. Фақат сизлар ҳақингизда ҳеч нарса билмайман. Мендан қуйидаги ёру дўстларга қимматли салом:

1) Қимматли отамга, бийимга

2) Болта, Раҳматжонга салом

3) Бовомга, янгамга, Робия додарга, Муҳаббатга, Абдураҳимга салом

4) Аммамга, ҳамма ўғил ва қизларига, Султон, Нематга салом

5) Шарафитдиновга, Шамси амакимга, Хатича апамга, Исмат акамга хотин ва қизига салом

6) Пойиз анамга, келинларига, ўғилларига, Роҳат холамга, Ҳикоят холамга, Амрига, Сарварга, Анварга, Тожига салом.

7) Бурхон акамга, Абдураҳимга, Асрорга, Насимга, Низомга, Турсунга, Исрофилга ва бошқа ёру дўстларга мен партизан Усмонов (Василий) Расулдан кўп салом.

Бийи сиз қандай юрибсиз? Амаким сизга ёрдам берадими? Сиз бовомдан ёрдам сўранг. Дадам қаерда? Агар фронтда бўлсалар мендан салом юборинг. Амри ҳақида хабар борми? Агар хабар бўлса мендан алангалик салом юборинг.

Бийи мен ҳақимда ҳеч ўйламанг. Агар тирик бўлсам, умрим узоқ бўлса қачон бўлмасин борарман. Агар ўлсам қийин. Бу уруш.

Мен ҳозир партизан. Документларимни кутиб турибман. Документларимни олсам кейин аскарликка кетаман ва сизга ўз адресимни ҳам юбораман. Ҳозирча сизга ўз адресимни юбормайман.

Бийи сиз менинг укаларимни ҳеч урушманг, урманг. Уларни яхши кийдиринг, яхши овқат беринг, мактабга юборинг, ўқишга мажбур қилинг.

Рохат холам қаерда? Обид қаерда?

Бийи эҳтимол сизга қийиндур, сиз боққа қочиб боринг. У ерда мевалар бор. Оч бўлмайсиз. Фабрикада ишланг. Қандай бўлмасин ҳар қандай қийинчиликларга чиданг. Қандай бўлмасин укаларимни боқинг.

Обид қаерда? Унинг отаси фронтда. Ким уни боқади? Ўгай онаси уни боқмайди ёки бизаникида юрибтими?

Менинг уйдаги ҳамма расмларимни ойна орқасидаги рамкага ёпиштириб қўйинг. Мени отиб ўлдирсалар сизларга эсдалик бўлади. Агар мен сизга ўз адресимни юборсам сиз шу замон ўз расмларингизни юборинг. Мени сўзим тамом. Хайр омон бўлинг. Мени ҳақимда кўп ўйламанг. Худо билади мен сизларни кўраманми йўқми.

26 май 1944 йил.

Ўғлингиз Усмонов Расул".