Фронторти дугоналар тақдири

– Икки дугона колхоз далалари-ю, идораларида кечани кеча, кундузни кундуз демай меҳнат қилдик, – дея гапириб беради Анбар ая. – Пахта, ғалла, мева-сабзавот дейсизми, ҳаммасини экиб, йиғиштириб, бир мисқолини ҳам қолдирмай фронтга жўнатардик. Шунинг учун фронт ортидагиларга нон, озиқ-овқат етарли эмасди. Карточка билан оз-оздан нон тарқатиларди. Одамлар очликдан кўз ўнгимизда ҳаётдан кўз юмар, ҳар куни бир қайғули хабар эшитардик. Қайғули хабарлар, одамнинг силласини қуритадиган меҳнат… Айни ёшлик дамлари фақат шуларни кўрдик.

Бу йил 96 ёшни қаршилаётган бу мўътабар онахонлар уруш ортида энг қийин дамларда эркак киши бажарадиган барча ишларни қилдилар. Урушдан кейин эса нафақат далада, балки қурилиш ишларида ҳам иштирок этдилар. Fалабадан сўнг Анбар Бўронова уруш даврида Уральск шаҳрида тўрт йил танк заводларида ишлаган Замонбобо Хўжаевга турмушга чиқди. Норби ая эса Зулфиқор Хўжаев билан оила қурди. Баъзида қўни-қўшни-ю, қариндошлар оиласида қўйди-чиқди бўлса, сабабларини эшитиб, кўзларига ёш келади. Ўзлари яшаган даврни айтиб, оилаларни яраштириб қўядилар. Ҳа, "Қари билганини пари билмас", деб бежиз айтишмайди. Айниқса, уруш даври ва унинг ортида меҳнат қилаётганлар сони кундан-кунга камайиб бораётган бир пайтда уларга ҳурмат кўрсатилаётганидан хурсанд бўламиз. Ҳар биримиз уларни эъзозлашимиз, қадрига етишимиз керак.

Гулсанам ЗАМОНОВА.