Фундудзи қора кўлининг сири: нега ундан олинган сув кишининг кўз олдида йўқ бўлиб қолади?
Африка азалдан ўзининг сирлари билан бутун дунё бўйлаб тадқиқотчи ва олимларни жалб қилиб келади. У ерда ҳозиргача ўзининг тилсим ва афсоналари, қадимий урф-одатлари билан яшайдиган қабилаларни учратиш мумкин. Жанубий Африканинг шимоли-шарқий қисмидаги Лимпопо провинциясида сайёрамизнинг яна бир сирли артефакти – Фундудзи кўли бор.
Кўлнинг майдони бир ярим квадрат километрни ташкил қилади, чуқурлиги эса 27 метрга етади. Хўш, нима учун у олимларни ўзига жалб этади ва нега маҳаллий қабилалар уни муқаддас деб ҳисоблайди?
Унинг суви қора рангга эга. Ундаги сув океандаги каби кўтарилади ва пасаяди, кўлни кўплаб сойлар ва Мутвали дарёси тўйинтиришига қарамай у тошиб кетмайди, идишга олинган суви йўқолади, сўнг яна пайдо бўлади, сув омборига тушиб қолган ёки ундан сув ичган киши вафот этади.
Вҳататзинди қабиласи афсоналарига кўра, қадимда бу ердан бир мохов ўтган экан. У маҳаллий аҳолидан унга озиқ-овқат ва бошпана беришни сўрайди ва рад жавобини олгач, улардан хафа бўлиб маконни фалокат гирдобига ғарқ бўлишини сўраб лаънатлайди. Бошқа ривоятлар у ерда кўлни қўриқлайдиган улкан бўғма илон яшаши ҳақида сўзлайди. Маҳаллий аҳоли унга сажда қилади ва вақти-вақти билан маросимлар ўтказиб туради.
Биринчи тадқиқотчилар ва қурбонлар
1947 йилда икки ака-ука кўлнинг хавфлилиги ҳақидаги афсоналарни синаб кўришга журъат этади. Улар кўл бўйлаб каноэда сузишга қарор қилишади. Биродарлардан бири қирғоқда қолиб, иккинчиси эса қайиқда сузиб кетади. Кўлнинг ўртасига келиб қайиқ тўхтаб қолади: у на олдинга, на орқага - ҳеч қандай ҳаракат қила олмас эди. Шундан сўнг сувда улкан бир “оғиз” пайдо бўлиб, йигитни ютиб юборади.
Кейинги тадқиқотчилар ҳақиқий олимлар Билл Клейтон ва Алан Эллис томонидан ўтказилган. 1953 йилда улар сирли Фундудзини ўрганиш учун бу жойга келишади. Шишаларга сув намуналари олган олимларнинг эртаси куни гарчи ёриқ ва тешикларсиз идишлар герметик тарзда ёпилган бўлса-да, ичидаги сув йўқолиб қолганини кўриб ҳайратда қолишади.
Сувнинг йўқолиб қолиш хусусиятини бошқа экспедиция ҳам тасдиқлайди. Худди шу тарзда сув уларнинг ёпиқ идишларидан ғойиб бўлади. Тажрибаларга иштиёқи кучли профессор Бернсайд сувни татиб кўриб, бир неча кундан сўнг касалхонада ингичка ичак яллиғланишидан вафот этади.
Бу жойдаги одамларнинг сирли ўлимининг яна бир мисоли бир йил ўтиб, 1954 йилда бу ердаги кўп сонли тимсоҳлар (айтганча кўлда улар ўзларини жуда яхши ҳис қилишади) овчилари келганда содир бўлади. Уларнинг тимсоҳларга қарата узилган бирор бир ўқи нишонга тегмайди.
Отишма тугагач сувдан улкан қора тимсоҳ судралиб чиқади. Барча овчилар (фақат бир кишидан ташқари) хавфсиз масофага қочиб кетишади. Гарчи қуролдошлари уни чақирса-да, у худди сеҳрлангандек, қимирламасдан жойида тураверади. Натижада йиртқич бечорани ушлаб, сувга судраб кетади.
Олимлар жумбоқ ечимига яқинлашмоқда
Бу кўлга сув ҳажмини соатига 12 миллион литр сувга ошириб деярли юзта сой ва битта “салмоқли” дарё қуйилади. Бироқ кўлдаги сув ошиб кетмайди, сув омбори океанга дахлсиз бўлса-да, ҳар куни денгиз ва океанда бўлгани каби сув кўтарилиш ва пасайиш ҳолатлари кузатилади. Бир қултум ичилган сув эса одамни ўлдиради.
Ҳанузгача Фундудзи кўлининг бу сирлари охиригача очилмаган. Аммо хлор зарралари кашф этилгандан сўнг, кўпчилик унинг мистик хусусиятларининг табиий келиб чиқиши ҳақида гапира бошлади.
Эҳтимол, кўлда жисмоний ҳолатни ўзгартиришга мойил бўлган хром тузлари кўпдир. Тузларга бой сув паст ҳарорат туфайли кечаси кристалланади, натижада сув пасаяди. Худди шу ҳолат пробиркаларда ҳам содир бўлса ажабмас. Хлор тузлари одамлар учун заҳар, шунинг учун уни татиб кўрганлар ҳалок бўлган. Лекин буни тасдиқловчи тадқиқотлар ҳали ўтказилганича йўқ. Африка ўз сирларини сақлашда давом этмоқда.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.