Фуқаро ҳуқуқлари — қонун ҳимоясида: янги тартиблар, амалий натижалар

Бундан бир йил аввал қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонун мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.

8 боб ва 57 моддадан иборат ушбу ҳужжат янги Конституция талаблари асосида янгидан ишлаб чиқилиб, омбудсман институтининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади, унинг фаолиятини аниқ тартибга солди ҳамда ҳуқуқий кафолатларини янада кенгайтирди.

Қонунда, энг аввало омбудсманнинг давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ва ташкилотлар фаолиятида инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш ваколати белгилаб қўйилди. Шу билан бирга, омбудсман ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ўз фаолияти ҳақида маъруза тақдим этиш орқали жамият олдидаги ҳисобдорлигини таъминлайди. Яна бир муҳим жиҳат — омбудсманнинг қонунчилик ташаббускорлиги ҳуқуқига эга бўлиши бўлиб, энди у ўз таклиф ва ташаббусларини Қонунчилик палатасига тўғридан-тўғри киритиши мумкин. Бу инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммоларни қонунчилик даражасида ҳал этиш имкониятларини кенгайтирди.

Қонун қийноқларнинг олдини олиш, шафқатсиз ва зулм характеридаги муносабатларга чек қўйиш, қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ҳам муҳим янгиликларни ўз ичига олди. Жамоатчилик мониторинг гуруҳлари, эксперт комиссиялари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш эса бу соҳадаги очиқлик ва жамоатчилик иштирокини янги босқичга олиб чиқди. Омбудсманга қамоқхоналарга кириш, маҳкумлар билан учрашиш, тиббий ва психологик шарт-шароитлар таъминланишини ўрганиш ҳуқуқининг берилиши инсонпарварлик тамойилларининг амалдаги ифодасидир.

Шу билан бирга, республика бўйлаб омбудсманнинг минтақавий вакиллари ташкилий жиҳатдан кучайтирилиб, мурожаатларни тезкор ва самарали тарзда кўриб чиқиш имконияти кенгайтирилди. «Омбудсман қутиси» каби механизмлар жойларда аҳоли билан бевосита мулоқот ва мурожаатлар қабул қилишнинг қулай усули сифатида ўзини намоён қилмоқда. Қонунда омбудсманнинг мустақиллиги, фақат қонунга бўйсунуви, унинг фаолиятидаги ошкоралик ва шаффофлик тамойилларининг кафолатланиши эса инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг институционал мустақиллигини таъминлайди.

Агар фаолиятимизга назар ташлайдиган бўлсак, ўтган 9 ой мобайнида жами 451 та мурожаат келиб тушди. Шулардан 37 таси фуқаролардан тўғридан-тўғри, 393 таси омбудсман девонидан, 21 таси эса жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналаридан йўлланган. Мурожаатларнинг мазмунан таҳлили аҳолини кўпроқ ижтимоий (137 та), иқтисодий (130 та) ва шахсий ҳуқуқлар (92 та) борасидаги масалалар ташвишлантираётганини кўрсатади. Шунингдек, экологик, сиёсий ва бола ҳуқуқлари бўйича ҳам ўнлаб мурожаатлар кўриб чиқилган.

Масалан, фуқаро Юсуф Очилов алимент тўловлари тўхтатилганига қарамай, унга нисбатан сафар таъқиқи бекор қилинмагани бўйича мурожаат қилди ва бу масала кўриб чиқилиб, таъқиқ олиб ташланди.

Пенсия тўловлари икки ойдан бери тўхтаб қолганлиги бўйича мурожаат қилган Х.Бобоқуловнинг масаласи ҳам ўрганилиб, тўловлар тикланди ва қарздорлик тўлиқ тўлаб берилди. Бу каби мисоллар омбудсман институтининг аҳолининг кундалик муаммоларни ҳал этишдаги таъсирчанлигини янада яққол намоён қилади.

Яна бир гап. «Омбудсман мактаби» лойиҳаси доирасида Самарқанднинг бир қатор туман ва маҳаллаларида, шунингдек таълим муассасаларида аҳоли ва ёшлар билан учрашувлар ўтказилиб, уларга инсон ҳуқуқлари, кибержиноятчиликнинг олдини олиш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби мавзуларда тушунтиришлар берилди. Шу тадбирларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан биргаликда ёшлар ва аҳоли бепул тиббий кўрикдан ўтказилди, эҳтиёжманд оилаларга бепул дорилар тарқатилди.

 

Отабек Тошниёзов,

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили.