Фуқаро қурилишни тўхтатиш тўғрисида расман огоҳлантирилган
Бугун, 27 март куни zarnews.uz сайтида «Ер меники, осмон ҳам... Истаганча қураман!» сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар Лоҳутий кўчаси 29-уйда яшовчи фуқаро Сайёра Тошалиева бошқармага ҳам мурожаат қилган.
Ушбу мурожаат юзасидан 24 март куни вилоят қурилиш бош бошқармаси ва Самарқанд шаҳар қурилиш бўлими мутахассислари томонидан қурилиш жойида ўрганиш олиб борилган.
Ўрганишларда Лоҳутий кўчаси 31-уйда яшовчи фуқаро Мавжуда Турсунова ўзига тегишли уй-жой бинолари фойдаланишидаги ер майдонида ўзбошимчалик билан ҳеч қандай шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан ноқонуний равишда ертўла ва уч қаватли уй-жой биноси қураётганлиги аниқланди. Натижада "Шаҳарсозлик норма ва қоидалари"нинг 2.07.01-03*-банди талаблари бузилган.
Самарқанд шаҳар қурилиш бўлими 2021 йил 17 мартда фуқаро М.Турсунова ўзига тегишли бўлган уй-жой ҳудудидан ўзбошимчалик билан амалга оширилаётган қурилишларни зудлик билан тўхтатиш, яққол кўринмаслик талабларини бажариш, қўшниларнинг розилигига асосан шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш тўғрисида расман огоҳлантирилди. Акс ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги 467-сонли ҳамда 2009 йил 12 февралдаги 41-сонли қарорлари асосида қонунда белгиланган тартибда чора кўрилиши тушунтирилди.
Бундан ташқари, юқоридагиларни инобатга олиб мазкур ўзбошимчалик билан амалга оширилган қурилиш ишларига тегишли чора кўриш масаласини кўриб чиқиш учун Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар прокуратурасига маълумот тақдим этилган.
Самарқанд вилояти қурилиш бош бошқармаси ахборот хизмати.