Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Ер меники, осмон ҳам... Истаганча қураман!»

Қўшнингиз уйини бир-икки эмас, нақд уч қаватли қилиб қурсаю, деразаларидан сизнинг ҳовлингиздаги манзара бор бўйича кўриниб турса, қандай аҳволга тушасиз?

Қўшнингизнинг ҳаддан ташқари баланд иморати ҳовлингизга тушадиган қуёш нурларини тўсиб қўйиши-ю, бошқа ноқулайлик кимгадир арзимас туюлар. Аммо бундай уйнинг қўшниси ўз уйида эркин яшай олмаслиги аниқ. Шу мазмунда яқинда таҳририятимизга хат келди.

«Самарқанд шаҳар, Лоҳутий кўчаси 29-уйда яшайман. 4 нафар фарзандим бор. 31-уйда яшовчи қўшним ўзига тегишли бўлган ердан қонунга зид бўлган қурилиш қилди. Аммо ҳеч қандай рухсат олмасдан туриб, уч қаватли уй қурди, уйнинг ойналари менинг ҳовлимга қараган, бундан ташқари оқибатда ҳовлимга офтоб тушмайди. Бир неча маротаба айтишимга қарамасдан қурилиш ишларини давом эттириб келяпти. Бу аҳволда ўз ҳовлимда эркин юриш учун ҳеч имконим йўқ. Қўшнимга «бундай қурманг, йўқса мен тегишли идораларга мурожаат қилишга мажбур бўламан» деганимда, «қаерга борсанг боравер, ер, девор, осмон меники, хоҳлаганимча қураман» деди.

Қўшни билан муросаю мадора асосида яшашга нима етсин? Афсуски, қўшнимиз буни тушунишни истамаяпти. 2020 йил 24 апрель куни ўзим яшаб турган Мақсуд Шайхзода маҳалла раисига шу масала юзасидан ариза билан мурожаат қилдим. Маҳалла раиси менинг аризамга асосан 2020 йил 27 апрелдаги 7-сонли  Самарқанд шаҳар ҳокимига ва Самарқанд шаҳар қурилиш бўлимига билдирги билан чиқди. Лекин юқорида номлари кўрсатилган ташкилотлардан ҳеч қандай натижа бўлмади.

Сайёра Тошалиева».

Энг қизиғи, аёл бир йилдан бери тегишли идораларга хат ёзган, жумладан қурилиш бошқармаси вакиллари келиб аёлга унинг ҳақлигини айтган-у аммо расмий жавоб беришмаган, қурилишни ҳам тўхтатмаган. Нега фуқаронинг мурожаатига бундай муносабат  билдирилмоқда. Агарда у ноҳақ бўлса, ноҳақлигини, ҳақ бўлса ҳақини талаб қилиш уларнинг вазифаси эмасми?

Мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз.