Фуқароларни Қозоғистондаги қурилиш объектларига мажбуран эксплуатация қилганлар қўлга олинди
2011 йилда 59 ёшли Х.Б., Н.Д., Ф.Т. ва бошқа шахслар жиноий режага асосан Ўзбекистонда фуқароларга ўзини гўёки «Мустақил мардикорлар ташкилоти» раиси ва аъзоси деб таништирган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Фуқароларга Қозоғистон Республикасида 650-1000 АҚШ доллари миқдорида маош бериш шарти билан қурилиш ишини таклиф қилиб, уларни озиқ-овқат ҳамда тураржой билан таъминлашликни ваъда қилиб, алданган шахсларнинг фуқаролик паспортларини олиб қўйиб, Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳридаги қурилиш объектларида мажбуран, эркига қарши, хизматига ҳақ тўламаган ҳолда ишлатиб, уларни эксплуатация қилиб келганликлари аниқланган.
Бундан ташқари, 2013 йил октябрь ойининг ўрталарига қадар уюшган гуруҳнинг бошқа номаълум аъзолари томонидан муттасил равишда мажбуран ишлатиб, ваъда қилинган ойлик маошини тўламасдан, уларнинг меҳнатидан фойдаланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2014 йилда уюшган гуруҳнинг аъзолари Н.Д. ва Ф.Т.га нисбатан ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми «г» банди билан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, суднинг ҳукмига кўра, Н.Д.га 9 йил, Ф.Т.га эса 10 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Бироқ, Х.Б. ва бошқа шахслар терговдан яширинганлиги учун жиноят иши алоҳида иш юритувга ажратилиб, уларга нисбатан ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми «г» банди билан сиртдан айб эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси танланиб, қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган қидирув ишлари натижасига кўра, Х.Б. Қозоғистон Республикасида эканлиги аниқланиб, Қозоғистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ушланган ҳамда 2020 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиниб, ИИВ ЖИEББга қарашли 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тўлиқ олиб борилиб, Х.Б.га нисбатан ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми «г» банди билан айблов эълон қилиниб, танланган эҳтиёт чораси ўзгартирилмаган ҳамда жиноят иши материаллари тегишли тартибда суд идорасига юборилган.