Фурқат Раҳимов, Самарқанд шаҳри ҳокими: “Самарқанд шаҳри ободлигига барча бирдек масъулият билан ҳаракат қилмоғи лозим” (Аудио)

Бугунги ва бундан олдин икки марта ўтказилган «Очиқ мулоқот» албатта, ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Халқимиздан тушаётган таклифлар, мурожаатлар билан биргаликда ўзимиздаги мавжуд камчиликларни билиб, назорат ўрнатиб бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз. Шу ўринда айтмоқчиманки, мулоқот орқали аҳолига мурожаат қилиб, жамоатчиликнинг ушбу ишларда фаол иштирокини таъминлаш, муаммоларни биргаликда бартараф этиш чораларини кўряпмиз. Ўйлайманки, фаолиятга ана шундай ёндашилса, қадимий ва навқирон шаҳримиз бундан-да, гўзал ва чиройли бўлади.

Наврўз байрами арафасида шаҳримиз аҳолиси, жамоатчилиги ўзининг ҳовлиси, кўчаси, томорқасини обод қилиб, уйи олдига гул ёки дарахт кўчатларини экиб, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар атрофидаги чиқиндиларни биргаликда тозаласа, зиёратгоҳлар, қабристонларнинг ободлигини таъминласалар, худди шундай эзгу тадбирлар тарғиботини таълим муассасалари, жамоат ташкилотларида амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, бутун Самарқанд аҳлини Наврўзи айём билан табриклайман. Самарқандликлар азалдан ўзининг меҳнатсеварлиги, оқибатлилиги, асосийси садоқатлилиги билан ўрнак бўлиб келган. Шаҳар халқи нафақат ўзи, балки туманлардан ташриф буюраётган юртдошларимизнинг маданият муассасалари, истироҳат боғларида муносиб дам олиши, ҳордиқ чиқаришлари учун имконият яратиб беришлари керак.