Футбол: Терма жамоамиз Қатарда майдон эгаларига қарши ўйнайди

Яна икки кундан кейин, 14 ноябрь куни футбол бўйича Осиё қитъаси учун Жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичи доирасида гуруҳ баҳсларининг 5-тур ўйинлари бўлиб ўтади.

Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси “A” гуруҳида Қатарга қарши сафарда ўйин ўтказади. Ўйин 14 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 21:15 да бошланади.

Айтиш ўринлики, футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец айни кунларда Қатарда. У 10 ноябрь куни Доха шаҳрига бориб, миллий жамоанинг машғулотларига қўшилган. Биласиз, Катанец бетоблиги сабаб октябрь ойидаги йиғинлар ва икки муҳим  ўйинни ўтказиб юборган эди. Терма жамоамиз бош мураббийи бетоблиги боис ушбу баҳсларда жамоани ўйинларга унинг ёрдамчиси Владо Радманович тайёрлади.

Хўш, Ўзбекистон терма жамоаси Қатар терма жамоасига қарши қандай ўйнаган? Келинг, икки жамоа ўртасидаги учрашувлар статистикаси билан танишайлик.

Жамоалар ўртасида ўтказилган умумий 15 ўйиннинг 9 тасида терма жамоамиз зафар қучган бўлса, 4 та ўйинда имкониятни бой бериб қўйган. Қолган 3 учрашув дуранг билан якунланган.

Улар ўртасидаги илк ўйин 2001 йилнинг август ойида бўлиб ўтган. Мазкур тўқнашувда терма жамоамиз 2:1 ҳисобида зафар қучган. Сўнгги ўйин эса жорий йил Қатарда ўтган Осиё кубоги чорак финали доирасида ўтказилган ва унда футболчиларимиз пенальтилар сериясида аламли тарзда имкониятни бой бериб қўйган. Умид қиламизки, бўлажак ўйинда мухлислар ўша аламли мағлубиятни унутиб, термамиз ғалабасини тантана қилади.   

Эслатиб ўтамиз, саралаш баҳсларининг 4-тур якунига кўра “A” гуруҳида Эрон ва Ўзбекистон термалари очколарини 10 тага етказиб олди. БАА ҳамда Қатар 4 очко билан 3-4 поғоналарга жойлашди. Қирғизистон 3 очко жамғарган ҳолда 5-ўринда бормоқда. КХДР ҳамон 2 очко билан сўнгги ўринда. 

Осиё футбол конфедерацияси Ўзбекистон ва Қатар  терма жамоалари баҳсини кореялик ҳакамлар бригадаси бошқаришини белгилади. Ўйинни Ким Жонг Хеок бош ҳакам сифатида бошқарса, унга қанотларда Парк Кюнёнг ва Жанг Жонгпил ёрдам беради. Тўртинчи расмий ҳакам сифатида Чаэ Санг Хеоп фаолият юритади. VARда эса Ким Ҳеэгон ишлайди.

Футболчиларимизга омад ёр бўлсин!