Фьючерс нима ва у Ўзбекистонга қандай фойда келтиради?

Фьючерс шартномалари нима? Уни биржага татбиқ этишда қандай афзалликлар бор? Ўзбекистон иқтисодиётига бу молиявий воситалар нима бериши мумкин?

Шу каби саволларга Ўзбекистон Республикаси товар хомашё биржаси вилоят филиалида Чикаго биржаси маслаҳатчиси, фьючерс савдолари бўйича халқаро эксперт Александр Белозерцев иштирокида ўтказилган “Ўзбекистонда фьючерс шартномаларини жорий қилиш имкониятлари ва истиқболлари” мавзусидаги семинарда жавоб изланди.

Семинарда Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Навоий вилоятларидаги товар хомашё биржаси раҳбар ва ходимларига фьючерс савдолари юзасидан маслаҳатлар берилиб, биржаларда муддатли шартномаларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

- Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш шароитида биржа савдосини янада ривожлантиришнинг зарур босқичларидан бири дериватив молиявий воситаларни қўллаш ҳисобланади, - дейди А.Белозерцев. – Бунда фьючерс шартномаларини жорий этиш энг мақбул йўлдир. Бу нархларнинг кескин ўзгаришига мойил бўлган товар бозорлари учун алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон товар хомашё биржаларига биринчи ташрифим юртингизда замонавий молиявий воситаларни ўзлаштириш имкониятини баҳолаш ҳамда фьючерс савдоларини жорий этиш хатарлари ва имкониятларини аниқлашга қаратилган.

Халқаро экспертнинг таъкидлашича, фьючерслар орқали хавфларни муваффақиятли бошқариш ва иқтисодиётга кўпроқ бўш маблағларни жалб қилиш, бозордаги нархлар мувозанатни таъминлаш мумкин. Яна бир муҳим жиҳати, биржа битимлар бажарилишини кафолатлайди. Натижада, компаниялар ўз фаолиятини тўғри режалаштириш ва янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришга кўпроқ маблағ сарфлаш орқали иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.