Галина Журавлева: “18 ёшда урушга кетган укамни излаб, жангга кирдим”
Иккинчи жаҳон уруши вахшийликларини ўз кўзи билан кўрган Журавлева Галина Семёновадан хабар олиш учун хонадонига ўқитувчимиз Кристина Ким ва ўқувчилар билан бордик. У киши бошидан ўтган қийинчиликлар ҳақида узоқ гапирди.
“Мен 1922-йил 4-ноябрда Тошкент шаҳрида туғилганман. Укам ва менинг энг яхши даврларимиз уруш йилларига тўғри келди. Укам 18-ёшида урушга йўл олди. Орадан икки йил ўтди. Укамдан ҳеч хабар бўлмади. Укамни топиш мақсадида керакли жойларга бордим. Мени ҳам олиб кетишларини истадим ва ниҳоят 20 ёшимда Россияга йўл олдим. Укам немислар қўлига асир тушган экан.
Уруш йиллари жуда оғир кечди. Алоқачи ва телефонист бўлиб хизмат қилдим. Урушдаги қора кунларни эслаш мен учун жуда оғир.
Ниҳоят, бу азобли кунлар тугади. Укам немислар қўлидан озод қилинди. У билан бирга Ўзбекистонга қайтдик”.
Юртимизда шундай инсонлар яшаётганидан жудаям фахрландим. Яхшиямки, шундай кишилар бор. Онахоннинг бир гапи бизни жуда таъсирлантирди: “Мен Ўзбекистонимни ҳеч қайси давлатга алмашмайман. Бу – менинг ватаним. Сизлар менинг яқинларимсиз. Менга бошқа давлатда яшашга жуда кўп таклифлар бўлди. Лекин Ўзбекистоним мен учун дунёда ягона”.
Ватан қадрини шундай инсонлардан сўраш керак. Улар бўлмаганида, ҳаётимиз фаровон кечмасди. Уларга минг бор ташаккур айтсак, уларни қанча йўқласак, шунча оз. Фахрийларимизни нафақат байрамларда, балки ҳар куни эслашимиз, бориб кўришимиз – бурчимиз. Шундай инсонларнинг машаққатлари ва азоблари эвазига эркинлик ва озодлик неъматини билдик.
Шаҳноза АБДУЖАЛОЛОВНА,
СамДЧТИ, Таржима назарияси ва амалиёти факультетининг 1-босқич талабаси.