Ғалла харид нархи ростдан пастми?

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорка ер эгалари кенгашининг ғалла ишлаб чикариш жараёнини либераллаштириш, жумладан, буғдойни баҳолашда эркин нархларни қўллаш тўғрисида мурожаати эълон килинди. Бу нимани англатади?
Мурожаатда деҳқон бозорларидаги ғалла давлат харид нархидан баланд эканлиги ва бундай ҳолат ишлаб чиқарувчилар манфаатларига зарар келтираётганлиги туфайли давлат буюртмасидан воз кечиб, ғалла етиштириш жараёнини бозор механизмига ўтказиш таклиф этилмоқда. Ҳақиқатан ҳам шундайми?
Таҳлилларга таянадиган бўлсак, айнан давлат эҳтиёжи учун харид қилинадиган ғалла нархининг паст деб кўрсатилиши ҳозирги шароит учун ажабланарли. Чунки ҳукумат охирги уч йилда 1 тонна ғалла харид нархини 550 минг сўмдан 1 миллион 200 минг сўмгача, яъни камида 2 баравар оширди. Бундан ташқари, жорий йилда юқори ҳосилдорликка эришган хўжаликлар 25 фоизлик устамага эга бўлдилар ва шунинг ҳисобига маҳсулот бирлиги учун даромад 1,5 милллион сўмгача етди. Аммо мурожаатнинг асл моҳияти давлат харид нархларининг пастлигидан келиб чиқаётгани йўқ. Чунки тадбиркорларимиз истеъмол хусусияти юқорироқ бўлган 1 тонна ғаллани қўшни Қозоғистондан 160-170 доллардан сотиб олади. Мамлакат ичида давлат ўрнатган амалдаги харид нархлар ҳам бундан паст эмас.
Кўп вақт ўтмай, бир хил навли маҳаллий ва хорижий унларнинг нархи тенглашади. Бундай ҳолатда рақобат кураши таъсирида "Ўздонмаҳсулот" таркибидаги саноат корхоналари бирин-кетин ночор аҳволга тушишни бошлайди. Бу эса фермерларнинг хўжалик фаолиятига зарба бўлади. Аслини олганда, бир гектар ердан 50 центнер ҳосил олинса, мавжуд нархлар доирасида соф фойда 2,5 миллион сўмни, рентабеллик эса 25-30 фоизни ташкил этиши мумкин. Фермерларга бундан ортиқ нима керак?
Деҳқон бозорларида чакана сотиладиган ғалла нархининг харид нархларидан баландлиги нолиш ёки шикоят килиш учун асос бўла олмайди. Фермер хўжаликларида фаолият турларининг кенгайиши ҳисобига маҳсулотларнинг таннархи, фойдаси ва рентабеллиги бўйича ҳисоб-китобларни алоҳида ва аниқ қилиб йўлга қўйиш муаммоси мавжуд. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Ташқи савдо фаолиятини йўлга қўйган хўжаликларда эса бу ишлардаги вазият бундан ҳам мураккаб кечмокда.
Хўш, аксарият ҳолатда ҳисобчи, муҳандис ва агрономсиз фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликларидаги ушбу муаммони ечмасдан туриб, Кенгашнинг мурожаатини ким ҳам жиддий кабул қилиши мумкин. Аслида мурожаатнинг ташаббускори "Ўздонмаҳсулот" компанияси бўлиши керак эди. Нега деганда, тизим корхоналари 1 килограмм ғаллани 1500 сўмдан харид қилиб, тайёр маҳсулотни 1400 сўмдан сотиш мажбурияти ҳукумат қарори билан қаттиқ белгилаб қўйилган.
Амалиётчи-иқтисодчи сифатида уларда бундай вазиятдан чиқишнинг бир йўли бор, деб ҳисоблайман. Яъни, ишлаб чиқарилган маҳсулот расмий ҳисоботда қисман кўрсатилади ва шу йўл билан солиқлар четлаб ўтилади. Кепак, омухта ем нархлари 2-3 баравар кўтарилади, иш ҳақи конвертда берилади ва шунга ўхшаш ишлар. Демак, муаммонинг асл моҳияти ғаллани қайта ишловчи саноат корхоналарида.
Кўпгина иқтисодий муаммолар узоқ йиллардан буён ўз ечимини кутаётгани, ушбу фаолиятнинг хўжалик механизми анча эскириб колгани, бу ердаги муносабатлар бозор механизмига эмас, балки кўпроқ марказлашган услубларга таянган ҳолда амалга оширилаётгани аниқку?!
Мантиқан олганда, мурожаат ташаббускорлари эътиборни аввало, пахта ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш ва ундан кейингина соҳадаги муаммоларни комплекс тарзда кўриб чиқиш учун ҳукуматга мурожаат қилишлари керак эди. Бу муммолар ечимида жаҳон тажрибасини ўрганиш илм-фан ютуқлари, жумладан, маркетингга таяниб бозор механизмини шакллантиришга боғлиқ.
Яна бир жиҳат, фермерларимиз эркин иқтисодий муносабатларга ўтишга тайёрми ва бунга ўтилса, фермерчилик ҳаракатини нималар кутмокда?
Бозор муносабатлари шароитида маҳсулотни қанча ва ким учун ишлаб чиқариш керак, деган саволга жавоб талаб ва таклифлардан келиб чиқади. Режали иқтисодиётдан воз кечилади. Барча моддий-техник таъминот, кредитлаш соҳасидаги имтиёзлар бекор килинади, истеъмолчи, жумладан, қайта ишловчи ва паррандачилик корхоналари буғдой ёки уннинг қайси навини, қандай миқдорда сотиб олишни мустақил ҳал этадиган бўлади. Самарасиз ишлаётган хўжаликларни қўллаб-қувватлаш, уларда вужудга келган қарзлардан воз кечиш амалиётига барҳам берилади. Солиққа тортиш тизими, экинларни жойлаштириш жараёни, ишлаб чиқариш ресурсларининг ҳаракатланишида ҳам туб ўзгаришлар юз беради. Натижада хўжаликлар парчаланиб, бири ўрнига ўнлаб ихчам хўжаликлар пайдо бўлади. Бундан кўринадики, фермерлар қатламининг асосий қисми янги иқтисодий муносабатларга ўтишга тайёр эмас.
Бозор механизмини жорий этиш - бу ўта эҳтиёткорлик ва эволюцион ёндашувни талаб қиладиган мураккаб масала, уни ечмоқчи бўлсак, жавоблардан кўра саволлар кўп бўлади.
Давлат фавқулодда вазиятларда керак бўладиган захираларни барпо этиш учун ўз хўжаликларини тузади ва бунинг учун ўз ихтиёрида тахминан 10 фоиз энг унумли суғориладиган экин майдонини қолдиради. Қолган 3 миллион гектарга яқин ерни унинг сифатига қараб табақалашган, яъни ҳар бир гектарига йилига юқори солиқ тўлаш шарти билан хоҳловчиларга тавсия этади. Албатта, бу таклифдан кейин энг илғор фермер ҳам 10 гектардан ортиқ ерни тасарруфида ушлаб турмайди. Қисқа муддатда давлат бюджети даромадлари қўшимча 1-1,5 миллиард долларга ошади ва асосийси, қишлоқ аҳолиси иш билан таъминланади.
Аслида, режавийлик иқтисодий фаолиятдаги тармоқлар ўртасидаги мутаносиблик асосида биз ҳам Белорус тажрибасини қўллаб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини рационал тарзда жойлаштиришимиз мумкин. Фақат ишлаб чиқариш режалари юқоридан пастга эмас, аксинча, пастдан юқорига қараб тузилиши ва кейинчалик жамланиши керак.
Оддий мисол, аҳоли жон бошига йилига 65 килограмм картошка етиштирилиши керак. Аҳоли сони ва ўртача ҳосилдорлик маълум, демак маҳсулот тахминан 100 минг гектарда экилиши лозим. Бунинг қанча қисми томорқа эгалари ва қанчаси фермер хўжаликларига тўғри келишини аниқ. Буни ҳисобламаймиз. Натижада пахта ва ғаллладан ташқари, 1,5 миллион гектар ер бўлишига қарамасдан биз картошкани четдан сотиб оламиз. Сабзавот нархлари эса геометрик прогрессия (кўпайиб ёки камайиб кетувчи сонлар қатори) билан ўсиб бормоқда. Бунинг сабаби вазирликлар ва маҳаллий бошқарув органлари ўртасида функциялар аниқ белгиланмаганлигида.
Қандай бўлмасин, Кенгаш тегишли вазирликлар билан биргаликда ўз салоҳиятини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчиларини техника ва малакали кадрлар билан таъминлаши зарур. Бошқарув тизимини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш жараёнига илм-фан ютуқларини кенг жорий қилиш асосида мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги ва соҳанинг иқтисодий самарадорлигини оширишни ўзининг биринчи галдаги вазифасига айлантириши лозим.
Илҳом ВАФОЕВ,
иқтисодчи.