Гендер тенгликда қолип қарашлар кўп, аммо ютуқлар ҳам бор

Олий Мажлис Сенати ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистон миллий гендер стратегиясининг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш орқали тенгликка эришиш” қўшма лойиҳасига кўра, самарқандлик захирадаги раҳбар ва сиёсий партиялардаги аёллар қанотлари ҳамда вилоятлардаги маҳаллий Кенгашларнинг вакиллари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Унда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари томонидан хотин-қизларнинг сиёсий ҳаётда иштирок этиши ва етакчилик қилишидаги тўсиқларни базавий тадқиқ этиш натижалари, етакчи аёллар гендер тенглик фаоллари каби мавзуларда чиқишлар қилинди. 

- Ўзбекистон 2016 йилдан бери гендер тенглик ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш соҳасида муваффақиятга эришди, - дейди лойиҳа раҳбари  Нигора Мадазимова. - Мамлакатимизда гендер тенглик бўйича қонунлар қабул қилинди. Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганларни қўллаб-қувватлаш учун ҳимоя ордерлари бериш ва уларни узайтириш амалиёти бошланди. Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси даврида хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш чоралари кўрилди. Бу Марказий Осиё ва Шарқий Европадаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлди.

2021 йил 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2030 йилга қадар мамлакатимизда гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Ўзбекистоннинг гендер соҳасидаги амалдаги қонунчилиги Жаҳон банкининг 2022 йилдаги “Аёллар, бизнес ва ҳуқуқ” рейтингида 135-ўринни эгаллади (Европа-Марказий Осиё минтақаси бўйича ўртача балл 84,1, Ўзбекистон бўйича – 70,6 балл).

БМТнинг Гендер тенгсизлик индекси бўйича мамлакатлар рейтингида (2022 й.) Ўзбекистон 56-ўринда, Дания 1-ўринда, Яман 170-ўринда, Қозоғистон 41-ўринда, Тожикистон 68-ўринда, Қирғизистон 87-ўринда. 

Бу масалада қатор стереотипларнинг мавжудлиги  ҳали кўп ишлар бажарилиши лозимлигини билдиради. Хусусан, аёлларнинг фақат таълим ва медицина соҳасида ишлаши, раҳбар аёллар фоизи камлиги, аёлнинг таълим олиши шарт эмас, рўзғор ишлари унинг вазифаси каби қарашлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, семинар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда ушбу тизимда қабул қилинган аёл номзодларга оид 30 фоизлик квотанинг 40 фоизга оширилиши мавзусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.