Германияда мактаб ўқувчиси пичоқлаб ўлдирилди, гумонланувчилар қўлга олинган
Германия полицияси мамлакат жанубидаги Иллекирхберг қишлоғида содир бўлган фожиа сабабларини ўрганмоқда.
Душанба куни эрта тонгда жиноятчи мактабга кетаётган 13 ва 14 ёшли икки қизга ҳужум қилган ва уларга бир неча марта пичоқ урган. Катта қиз касалхонада вафот этган. Кичигининг аҳволини оғир, аммо ҳаёти хавф остида эмаслиги таъкидланмоқда.
Полиция маҳаллий қочқинлар бошпанасида яшовчи уч муҳожирни ҳибсга олган. Асосий гумонланувчи Эритреядан келган 27 ёшли бошпана изловчи. Ундан эҳтимолий қотиллик қуроли бўлган пичоқ мусодара қилинган.
Ҳужум сабаблари ҳозирча номаълум, терговчилар жиноятчига нима туртки бўлганлиги ва қотилликдан олдин у қизлар билан таниш бўлганлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Иллекирхберг қишлоғи Баден-Вюртембергда жойлашган. У ерда 5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллий ва федерал расмийлар фожиадан даҳшатга тушган бўлса-да, лекин ундан муҳожирларга нисбатан нафрат уйғотиш учун фойдаланмасликка чақиради.