Ғофил бўлмайлик!

Қуръони каримда бу фоний дунёдаги ҳаётни инсонларнинг “имтиҳон жойи” деб таърифлаган. Аслида ҳозирги дунё ҳаёти охират саодатига эришиш учун бир восита. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам имтиҳон учун.

Аллоҳ таоло аввалги умматларини ҳам турли синовлардан ўтказган. Шундан сўнггина ростгўйлар ёлғончилардан, яъни ҳақиқий имон соҳиблари мунофиқлардан ажратилган.

XXI асрда яшаган башарият ҳам ҳозирги кунларда навбатдаги синовдан ўтмоқда. Ушбу мураккаб синовдан эсон-омон ўтиш учун фақат дунёвий билимлар етарли эмас. Имкон қадар диний илмдан ҳам хабардор бўлишимиз лозим.

Аллоҳ таборак ва таолонинг сифатларидан бири – бу саттор сифати. Ушбу сўз “син” ҳарфи билан ёзилади. Асли арабча лафз бўлиб, луғатда яширувчи, беркитувчи, шунингдек, кечирувчи ва афв этувчи деган маъноларни англатади.

Аслида Худованду олам бандаларнинг айб-хатоларини яширар экан. Қуръони карим оятларидан бирида ўзганинг айбини ошкор қилмасликка буюрилганмиз. Чунки бу нарса жамият аъзолари орасига адоват солади. Ислом таълимотига биноан маййитни ювган ғассол мурданинг жасадидаги айбларни ошкор қилишга ҳақли эмас. Агар ошкор этса, гуноҳкор бўлади.

Хўш, бугун-чи? Ҳозирги даврда Исломдан йироқ бўлган айрим ижтимоий тармоқлар “ғийбат уяси”га айланган. Шундай қийин вазиятда тавба-тазарру қилиб, Аллоҳдан мағфират сўраш ўрнига, бировларнинг “тирноғи ости”дан кир излаш билан овора.

Ўзгалар айбини ахтариб, бутун оламга достон қилиб, гуноҳкор бўлгандан кўра, аввало ўзимизнинг айбимизни англаб, нуқсонларни тузатишга интилиш керак. “Ўз айбингни кўрмаслик нодонлик, тузатмаслик эса мунофиқлик”, деган ҳикматли ибора борлигини ёдда тутайлик.

Сизни айблаб обрўсизлантиришга уринаётган, қора ниятли ғаламисларнинг кирдикорларидан асло ранжиманг.

Қуръони карим оятида “Эй, Раббимиз! Бизларни қиёмат кунида шармисор қилмагин!”, деган муҳим дуо мавжуд. Шунингдек, муқаддас китобимизда “Ғофиллардан бўлманг!” дея қатъиян таъкидланган. Шундай экан, ғафлатда қолиб охиратда шарманда-ю шармисор бўлмайлик.

Анвар ҒУЛОМОВ.