Google компанияси ташкил топганига 25 йил тўлди: мегамашҳур бренд ҳақида кўпчилик билмаган фактлар
Интернетдан фаол фойдаланувчиларнинг Googleдан излаб кўрмаган маълумоти кам бўлса керак. Мисол учун, биз бир неча дақиқа олдин Googleдан унинг туғилган куни қачон эканлигини сўраб олдик.
1998 йилнинг 7 сентябрида Сергей Брин ва Ларри Пейж расман Google Inc.ни АҚШда рўйхатдан ўтказгани ҳақида маълумотлар бор. Google.com домени эса 1997 йил 15 сентябрда рўйхатга олинган. Google ўзининг туғилган кунини 27 сентябрда нишонлайди. Нега айнан бу сана экани аниқ эмас. Эҳтимол, бу Google жавоб бера олмайдиган камсонли саволлардан биридир.
Бугун дунёдаги энг машҳур компания ҳақида бир нечта кўпчилик билмайдиган фактларга тўхталиб ўтмоқчимиз.
Экогугл
Google ходимлари келажак гаджетларидан фойдаланадиган илғор ва муваффақиятли дастурчилардир. Бу келажакни қисман уларнинг ўзлари ҳам яратадилар. Шу билан бирга Гугл ходимлари ва менежерлари табиатга ғамхўрлик қилишни ва экологик тоза усуллардан фойдаланишни унутмайдилар. Мисол учун Гугл офисининг атрофидаги ўтлар ўроқ кесувчи ускуналар ўрнига эчкилар томонидан "қирқиб, текисланади".
Бегона ўтларни ейиш учун 200 га яқин эчки компания офиси ҳовлисида бемалол айланиб юриб, мунтазам равишда майдонни тартибга солади. Компания ходимларига бегона ўтларга қарши курашишнинг бундай ижодий усули жуда ёқади, негаки ўтўргич машина товушлари уларни ишдан чалғитмайди. Шунингдек, компания ҳудудида ходимларнинг дам олиши учун экологик зоналар ва қулупнайли мини-боғларни топиш мумкин.
Компания ҳудудида эко-автомобиллар учун “ёқилғи қуйиш шохобчаси” мавжуд бўлиб, у ерда ходимлар ўз автомобилларини қувватлантириши мумкин. Офислар олдида Google велосипедлари ҳам бор, улар кўпинча ўғирланади ва бошқа сайтлар орқали сотилади.
Google итларники
Googleда мушуклардан кўра итларни кўпроқ севишади. Ҳатто корпоратив низомда “Google - бу итлар компанияси” деб айтилган. Ҳудудда итлар билан кириш мумкин бўлган афсонавий Йоскас кафеси мавжуд. Бу ном компания асосчиларидан бирининг вафот этган Йоскас исмли ити хотирасига атаб қўйилган. Умуман олганда, Googleда ишга итлар билан келиш мумкин!
Ғамхўр Гугл
Гугл ўз ходимларига ғамхўрлик қилади, уларнинг ишлаши ва дам олиши учун қулай шароитлар яратади. У ерда ҳазиллар ва ғалати анъаналар ҳам мавжуд. Мисол учун, янги ходим иш бошлаганининг биринчи жума кунида офисда пропеллерли шапка кийиб юриши керак. Эътиборлиси, бу ерда ходимларнинг махсус кийимда ишга келиш тартиби йўқ. Янаям қизиғи, ходимларнинг кайфиятини кўтариш билан шуғулланувчи ишчи штати ҳам бор.
Агар Google ходими вафот этса, унинг яқин қариндошлари 10 йил давомида ҳар ой марҳум иш ҳақининг 50 фоизини олади. Google ўзининг вафот этган ходимларининг фарзандларига 19 ёшга тўлгунга қадар ҳай ой 1000 доллардан тўлайди.
Оддийгина Google
2018 йилда компаниянинг 20 йиллиги шарафига ўз фаолиятини оддий гаражда бошлаган асосчилар Ларри Пейж ва Сергей Брин машҳур “Сьюзен гаражи” бўйлаб виртуал саёҳатни тақдим этди. Ушбу биринчи Google офиси ўз уйининг гаражини аспирант дўстлари Сергей ва Ларрига ижарага берган Сьюзен Войчицки шарафига номланган. Aйтганча, Сьюзан энди YouTube раҳбари.
Марҳаматли Google
“Шафқатсиз бўлманг” («Don’t be evil») бу ибора 2000 йилдан 2017 йилгача Google`нинг шиори эди. 2017 йилда қайта қуриш туфайли компаниянинг расмий шиори “Тўғри йўл тутинг” («Do the right thing»)га айланди. Бугунги кунда жамоадаги тинчлик ва осойишталик Google ходимлари учун устувор вазифа бўлиб қолди. Биз ҳали кўп йиллар давомида Google орқали ўз саволларимизга беминнатгина жавоб топсак керак.
Окей, Google, туғилган кунинг муборак!
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.