Гўшт тайёрлаш эҳтиёжни қондирадими?

Гўшт маҳсулотларида оқсил ва аминокислоталар мавжуд. Бу моддалар инсон организмида жуда яхши ўзлаштирилади. Гўштнинг бир кунлик истеъмол меъёри 150-220 грамни ташкил этади. Бу меъёрий кўрсаткич кишининг вазни, жисмоний юкламалар даражаси ва индивидуал хусусиятларига қараб белгиланади. Гўшт организм учун зарур бўлган темир, оқсил ва B-12 витаминини етказиб беради. Лекин шифокорлар гўштнинг барча фойдали жиҳатларини сақлаб қолиш учун уни қайнатиб ёки буғда пишириб, кўкатлар, салат, сабзавот, дуккакли маҳсулотлар билан истеъмол қилишни тавсия этишади.
Гўшт етиштириш талабни қондиради(ми?)
- Гонконг - 136,3 килограмм (йилда ҳар бир одамга)
- АҚШ - 128,6 килограмм
- Австралия - 121,5 килограмм
- Монголия - 111,6 килограмм
- Аргентина - 111,2 килограмм
Ўтган йил вилоятимизда чорвачиликни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 600 миллиард 674 миллион сўмлик 82 та лойиҳа ишга туширилган. Жумладан, қорамолчилик йўналишида умумий қиймати 103 миллиард 406 миллион сўм ва мол бош сони 4685 бош бўлган 33 та лойиҳа, омухта ем ишлаб чиқариш йўналишида умумий қиймати 4 миллиард 490 миллион сўмлик 1 та лойиҳа амалга оширилган. Ишга тушган лойиҳалар ҳисобига 622 та янги иш ўрни яратилган.
Барча тоифадаги хўжаликларда гўшт етиштириш 326,9 минг тоннага (ўсиш суръати 103,1 фоиз) етди. Шу даврда вилоятга четдан 2742 (845 бош наслли ва 1897 бош гўшт учун) бош қорамол ҳамда 10 минг 62 бош майда шохли ҳайвонлар, шундан 3680 бош наслли қўй олиб келинган.
Жорий йилда бу йўналишда умумий қиймати 400 миллиард 897 миллион сўмлик 85 та лойиҳани ишга тушириш, жумладан, қорамолчиликда қиймати 126 миллиард 300 миллион сўм, мол бош сони 4822 бош бўлган 37 та лойиҳа амалга оширилади ва натижада 726 та янги иш ўрни яратилади. Жорий йилда чет давлатлардан 2263 бош наслли қорамол ҳамда 5 минг бош наслли қўй-эчки олиб келиш режалаштирилганди. Ҳозиргача вилоятга четдан жами 4224 бош қорамол ҳамда 1160 бош наслли қўй олиб келинган.
Энг кўп истеъмол қилинадиган гўшт
- Товуқ гўшти (ва парранда) - 105 та давлатда етакчи
- Чўчқа гўшти — 41 та давлат
- Қорамол гўшти — 29 та давлат
Вилоятда 2025 йилда қорамол бош сонини 1805 минг бошга (102,2 фоиз), сигирни 771 минг бошга (102 фоиз), қўй-эчки сонини 2724 минг бошга (102,5 фоиз), гўшт (тирик вазнда) ишлаб чиқаришни 349 минг тонна (106,7 фоиз), сут ишлаб чиқаришни 14511 минг тоннага (103,8 фоиз) етказиш кўзда тутилган.
- Шу кунгача қиймати 188 миллиард 131 миллион сўмлик лойиҳалар ишга туширилиб, қорамолчилик йўналишида умумий қиймати 70 миллиард 830 миллион сўмлик 23 та лойиҳа амалга оширилди, - дейди вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Одилхон Бақоев. - Худди шундай, қўйчилик йўналишида қиймати 21 миллиард 601 миллион сўмлик 6 та лойиҳа (6300 бош қўй) ташкил этилди. Мисол учун, Тойлоқ туманидаги “Акмал Тошпўлатович” фермер хўжалиги томонидан Россия давлатидан 20 миллиард сўмлик 1000 бош наслли қорамол олиб келинди. Яна Тойлоқ туманидаги “Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалиги томонидан Хитой давлатидан 30 миллиард сўмлик 1000 бош наслли қорамол, Паст Дарғом туманидаги “К.Элдор” фермер хўжалиги томонидан Германия давлатидан 35 миллиард сўмлик 1000 бош наслли қорамол келтириш режалаштирилган. Бундан ташқари, август ойигача 2800 бош наслли қорамол, 21 минг бош гўшт йўналишидаги қорамол Россия, Қозоғистон ва Беларус давлатларидан импорт қилинди.
Мол гўшти истеъмоли бўйича етакчи давлатлар
- Аргентина - 46,9 килограмм
- Зимбабве - 42,3 килограмм
- АҚШ 37,9 килограмм
Каттақўрғон туманидаги “БУТЧЕР ШОП” МЧЖ томонидан халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан 32 миллиард сўмлик чорвачилик комплекси ташкил этиш, мазкур комплексда 800 бош чорва моллари парваришлаш йўлга қўйилиши билан 150 тонна гўшт ҳамда 3 минг 300 тонна сут маҳсулоти ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, корхонада 50 тонна гўшт, 2500 тонна сут ва 10,9 минг дона терини қайта ишлаш, 13,4 минг тонна ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
2025-йилда вилоятдаги аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган талабини қондириш учун 184 минг тонна гўшт, 1 миллион 334 минг тонна сут ва 894 миллион дона тухум ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Гўшт истеъмол нормаси қанча?
- Инсоннинг гўшт истеъмолига бўлган йиллик талаби 42,8 килограмни ташкил этади, - сўзида давом этади О.Бақоев. - Шундан келиб чиқсак, вилоятимиз аҳолиси учун йилига 180 минг тонна гўшт зарур. Ҳозирда вилоятдаги жами чорвачилик субектлари томонидан 349 минг тонна тирик вазнда, 206 минг тонна соф ҳолда гўшт ишлаб чиқарилади. Бу эса 42,8 килограмм талаб ўрнига ҳар бир кишига 49 килограмдан гўшт тўғри келишини билдиради.
Ҳар қандай субект учун чорва моллари боқиш, айниқса гўшт тайёрлашда омухта ем зарурати бўлади. Чунки битта чорва молига кунига ўртача 2-4 килограмм омухта ем бериш керак. Бунинг учун вилоятимиздаги ем тайёрлаш корхоналари томонидан йилига 485,6 минг тонна омухта ем ишлаб чиқарилади ва эҳтиёждан ортган қисми Афғонистон, Қозоғистонга экспорт қилинади. Лекин ҳозирда бозорларимизда бундай ем маҳсулотлари нархи килограми ўртача 7 минг сўмни ташкил этади. Бу эса табиийки гўшт нархига ҳам таъсир қилади. Омухта ем қимматлигининг сабаби ишлаб чиқариш харажатларининг кўплиги билан боғлиқ. Шу боис ҳозир бизда бир килограмм гўшт ўртача 95 минг сўмдан тайёр бўлади.
Қўй ва эчки гўшти истеъмоли бўйича етакчи давлатлар
- Мўғулистон- 66,3 килограмм
- Исландия - 21,8 килограмм
- Баҳрайн - 21,4 килограмм
Ҳозир аҳолида жами 1,5 миллион бош чорва моли бор ва улар йилига 126,6 минг тонна гўшт тайёрлайди. Фермер хўжаликларда эса 110 минг бош қорамол боқилмоқда. Яна шуни айтиш керакки, хориждан импорт қилинаётган наслли қорамоллар ҳисобига маҳаллий чорва молларини сунъий уруғлантириш ва зотини яхшилаш ҳам мақсад қилинган. Ҳозиргача бу йўналишдаги ишлар туфайли 65-70 фоиз маҳаллий чорва молларининг наслини янгилашга эришилди. Бу эса албатта, гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш, эҳтиёжни қондириб, кейинчалик маҳсулотни экспорт қилиш имконини ҳам беради.
Давлатимиз раҳбарининг Мўғулистон давлатига олий даражадаги ташрифи давомида эришилган келишувларга асосан, ушбу мамлакатдан 100 минг бош қўй ва эчки олиб келинади. Шунга асосан бугунги кунда вилоятимизда 12 та ташаббускор томонидан қиймати 1,8 миллион долларлик жами 9750 бош “Бянма” зотли қўй ва эчкиларини йил якунига қадар олиб келиш ҳамда 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш чоралари кўриляпти.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
“Зарафшон”нинг махсус мухбири.