Бозорда сифатсиз гўшт маҳсулотларининг сотилишига чек қўйилибди. Аммо...

Телеграм каналимизда кеча, 2 июль куни “Ургутда ҳамон сифатсиз гўшт сотилмоқда, мутасаддилар эса мум "тишлаб" ўтирибди” мавзусида танқидий мақола эълон қилган эдик.

Таҳририятимизга мақолада кўтарилган масала юзасидан “Деҳқонобод деҳқон бозори” МЧЖ директори Ж.Эргашев жавоб йўллади. Унда Ж.Эргашев қуйидагиларни маълум қилган:

“Жорий йилнинг 7 июнида ушбу телеграм каналда эълон қилинган мақола бўйича бозорга бириктирилган туман ветеринария ходимига туман ветеринария бўлими томонидан, бозордаги шу ҳудуд паттачисига эса бозор маъмурияти томонидан интизомий чора кўрилди. Ушбу ҳолатларнинг барчаси бартараф қилинди, бугунги кунда бозорда сифатсиз гўшт маҳсулотларининг сотилишига йўл қўйилмаяпти.

Аслида бу ҳолат икки сотувчининг ўзаро келишмовчилигидан келиб чиққанлигини ҳамда бугун кунда бозорда бундай ҳолатлар назоратга олинганлигини маълум киламиз”.

P\S: Бозорда сифатсиз гўшт маҳсулотларининг сотилишига йўл қўйилмаётгани, мақолада билдирилган ҳолатларнинг барчаси бартараф қилингани яхши. Аммо мақоламизда ушбу ҳолат фонида ветеринария хизмати ходимларига ҳам эътирозимиз борлигини, уларга вилоят ҳокими томонидан ҳудудларда сотилаётган гўшт маҳсулотлари сифати устидан назоратни кучайтириш топшириғи берилганлигини эслатгандик.

Ўйлаймизки, вилоят ветеринария бошқармаси мақолада келтирилган саволларимизга ва албатта, ушбу бозордаги ҳолатга жавобгар идора вакили ва функционал вазифаси жиҳатидан жавоб йўллайди.